Championat.asia сайтининг хабар беришича, клубдаги муҳит ҳавас қиладиган даражада эмас. Ходимлар, футболчи ва мураббийлар бир нечта “лагер”га ажралиб қолган.
"Насаф" етакчилари Шароф Муҳитдинов ва Ислом Кенжабоев бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Бобир Абдихолиқов ҳам кетиш арафасида турибди. Клуб бош директори улар билан шартномани узайтирмагани мухлисларни ташвишга солгани аниқ. Масалан, Шароф Муҳитдинов деярли 2 ой давомида эркин агент мақомида юрди ва охири бошқа жамоага кетди.
Бугун бош мураббий Рўзиқул Бердиев ҳам жамоа лагерини тарк этган. Унинг "Насаф"даги кейинги тақдири ҳозирча номаълум бўлиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Рўзиқул Бердиев Championat.asiaга берган интервьюсида қуйидаги фикрни айтганди: "Агарда вазият яхши томонга ўнгланмаса ва янада қийинчиликлар ҳамда тушунарсиз ишлар давом этадиган бўлса, балки мен ҳам мураббийлик фаолиятимда танаффус олишни ўйлаб кўраман. Бошқа чора қолмаяпти. Лекин умид қиламанки, вазият бунгача бормайди. "Насаф" жамоасига бўлган садоқатим ва қаршилик мухлислар ҳурмати учун клуб раҳбариятининг кўплаб тушунарсиз ишларга сабр қилиб келяпман".
17.02.2021 18:09