Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда “Global Communication Experts” агентлиги билан ҳамкорликда Германия, Швейсария ва Aвстрия мамлакатларининг 20 дан ортиқ блогери, хорижий журналистлар, туристик ҳамда онлайн ахборот агентликлари вакиллари иштирокида онлайн учрашув ташкил этди.
Учрашувда хорижий журналистлар ва туризм соҳаси вакилларига республикамизда санитария-эпидемиология хавфсизлик концепсиясига мувофиқ туристларнинг мамлакатимизда хавфсиз саёҳат қилиши мақсадида яратилган “Uzbekistan. Safe travel Guaranteed” тизими ҳақида маълумот берилди.
Хорижий блогерлар ва туризм соҳаси вакиллари учун Самарқанд шаҳрининг маркази бўлган қадимий Регистон майдонидан олиб борилган тўғридан-тўғри репортаж юқори таассурот қолдирди.
Маълумот ўрнида, “Global communication GmbH” компанияси 2009 йилдан бери Германия, Aвстрия ва Швейсария бозорларида туризм ва меҳмонхона соҳалари вакилларининг манфаатларини илгари суриш учун фаол ишлаб келмоқда. 2019 йилда ушбу хорижий компаниянинг товар айланмаси 28 миллион еврони ташкил этди. У Туркия, Испания, Индонезия, Малайзия, Коста-Рика, Исроил ва Чилидаги шериклари билан ҳамкорлик қилади.






