Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Намангандаги боғчада 5 ёшли қизалоққа нисбатан жинсий зўравонлик содир этган омбор мудирига нисбатан энг оғир жазо қўлланиши кераклигини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Наманганда юз берган фожиа ҳақида менга хабар беришди. Бўлган воқеани эшитиб, ғазабим ичимга сиғмай кетди”, — деб ёзди Саида Мирзиёева.
Унинг таъкидлашича, бундай оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш керак. Амалдаги қонунчиликда олий жазо кўзда тутилмагани сабабли, жавобгарликни максимал даражада кучайтириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрланмоқда.
Шунингдек, тегишли идораларга барча зарур кўрсатмалар берилгани маълум қилинди. Жиноятни содир этган шахс қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, ўзининг бепарволиги билан ушбу жиноятга йўл очган, вояга етмаган болани ҳимоя қила олмаган барча масъуллар ҳам жазоланиши айтилди.






