АсосийЖАМИЯТ

Ажримларнинг асосий сабаблари ва неча нафар фарзанднинг тўлақонли оилада яшаш бахтидан маҳрум бўлгани маълум қилинди

Президентнинг 2020 йил 30 июндаги топшириғига мувофиқ тасдиқланган Тошкент шаҳрида жиноятл...

'Ажримларнинг асосий сабаблари ва неча нафар фарзанднинг тўлақонли оилада яшаш бахтидан маҳрум бўлгани маълум қилинди'ning rasmi

Президентнинг 2020 йил 30 июндаги топшириғига мувофиқ тасдиқланган Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича Йўл харитасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида судлар фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди, Тошкент туманлараро маъмурий суди ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бериш мақсадида бугун, 26 февраль санасида ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари учун брифинг ташкил қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди... 

Унда 2021 йилдан бошлаб, суд тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, судларнинг ошкоралиги ва очиқлигини таъминлаш учун ОАВ билан ишлаш алоҳида мезон қилиб белгилангани, хусусан Судьялар олий кенгаши ва АОКА билан ҳамкорликда журналист ва блогерлар, шунингдек судьялар учун алоҳида ўқув курслари ташкил қилингани, юқорида қайд этилган 4 та суд томонидан эса 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Шерзод Ражабов томонидан берилган маълумотларга кўра, 2020 йил давомида жами 11276 (2019 йил давомида 7633) та фуқаролик иши тамомланган.

— Тамомланган ишларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига 67,7 фоизга ошган. “Республикада карантин эълон қилинган бўлсада, нега фуқаролик ишларининг судда кўрилиши кўпайган?” деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, фуқароларимиз ўз яшаш шароитини яхшилаш мақсадида маиший, уй-жой, автотранспорт кредитларини олган ва бу масала бўйича қарздорлик ҳолатлари юзага келган. Шу боис ташкилотларнинг судга мурожаат қилиш ҳолатлари ошган.

Шунингдек, 2020 йил давомида суд томонидан 1806 та (2019 йил давомида 1582 та) аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 87,6 фоизга кўпайган.

Туманлараро суди томонидан тамомланган фуқаролик ишларининг 10160 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Шундан:

  • 9113 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган. 
  • 1047 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад қилинган. 
  • 181 та фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган. 
  • 935та фуқаролик иши бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

ФИБ М.Улуғбек туманлараро суди томонидан кўрилган жами 11276 та ишларнинг

  • 1485 таси никоҳдан ажратиш; 
  • 23 таси алимент ундириш; 
  • 124 таси болани олиш ва бола билан кўришиш; 
  • 688 таси оила низолари билан боғлиқ бошқа ишлар; 
  • 136 таси меҳнат низолари (шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ); 
  • 361 таси мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар; 
  • 7393 таси битимларга доир низолар; 
  • 667 таси уй-жой низолари; 
  • 19 таси ерга оид низолар; 
  • 191 таси зарар етказиш билан боғлиқ низолар; 
  • 245 таси алоҳида тартибда кўрилган ишлар; 
  • 74 таси бошқа даъволар бўйича кўрилган ишларни ташкил қилган.

2020 йил давомида Фуқаролик суди томонидан Юнусобод тумани ҳокимиятининг ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бузиш ҳақидаги фуқаролик ишлари 2020 йил давомида 92 та фуқаролик иши кўрилган, (8,3 фоизга кўпайган) шундан 52 та даъво талаби қаноатлантирилган, 3 таси рад этилган, 2 та иш иш юритувидан тугатилган, 35 таси кўрмасдан қолдирилган.

2020 йил давомида даъво аризаларни тақдим этишда тўланган давлат божи2 806 834 253 сўмни (57,5 фоизга камайган), суд қарори билан ундирилган давлат божи суммаси 7 706 688 170 сўмни (57,8 фоизга кўпайган) ташкил этади.

2019 йил давомида туманлараро судлари судьяларининг бир ойлик ўртача иш ҳажми 99 та фуқаролик ишини, 18 та суд буйруғи тартибидаги аризаларни, жами (фуқаролик ишлари ва суд буйруғи тартибидаги аризалар қўшиб ҳисобланганда) 117 та ишни ташкил этган бўлса, 2020 йил давомида бир ойлик ўртача иш ҳажми 102 та фуқаролик ишини, 16 та суд буйруғи тартибидаги аризаларни ташкил этган. 

ФИБ М.Улуғбек туманлараро суди томонидан ўтган давр мобайнида ўтказилган сайёр мажлислар сони умумий кўрилган ишга нисбатан 36,5 фоизни ташкил қилган. Пандемия даврига келиб эса жами 2880 та ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилган. Бу кўрсатгич кўрилган ишга нисбатан 25,5 фоизни ташкил этди.

Фуқаролик ишларини кўриш вақтида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўриш ҳақида 64 та хусусий ажримлар ва 2 та хабарнома чиқарилган.

Брифинг давомида Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Шерзод Ражабов оғриқли нуқталардан бири ҳақида сўз очди:

— Фуқаролик судларида кўриладиган асосий низолардан бири бу – никоҳдан ажратиш. 2020 йил давомида жами 819 та иш кўрилган бўлса, 2019 йилда 871 тани ташкил қилган. Рақамлардан кўриш мумкин, бу борадаги мурожаатлар камайган. Шундан: 

  • 378 та никоҳ бекор бўлган. 
  • 362 та талаб рад этилган. 
  • 22 та даъво талаби иш юритувидан тугатилган. 
  • 57 та даъво талаби кўрмасдан қолдирилган. Яъни, 79 та оилани яраштиришга эришганмиз. 

2020 йил давомида аёллар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақида берилган аризалар сони жами 748 тани, эркаклар томонидан эса 737 тани ташкил қилади. 

2020 йил давомида эр-хотиннинг ажрашиши натижасида жами 443 нафар вояга етмаган фарзандлар тўлақонли оилада яшаш бахтидан маҳрум бўлган. 

Никоҳдан ажрашишнинг асосий сабабларидан бири бу – аксарият ёшларимиз масъулиятни ҳис этиш нуқтаи назаридан оила қуришга тайёр эмаслиги. Ажримлар сонини камайтиришга эришиш ва мустаҳкам оилани шакллантириш учун никоҳга кирувчиларга эътибор кучайтирилса мақсадга мувофиқ бўларди. Никоҳга кириш жараёнини озроқ мураккаблаштириш лозим, яъни фуқаро ФҲДЁга ариза топширганидан сўнг бир ой ўтиб, оила қуриши мумкин. Ваҳоланки, бу муддатда икки ёш ҳатто бир-бирини таниб олишга ҳам улгурмайди, боиси асосий вақти сарпо танлаш билан ўтади. 

Амалиётдаги тажрибадан келиб чиқиб бир мисол айтсам: олий ўқув юртининг 2-босқич талабасини келин қилишган. Тўйдан сўнг ўқимай, уйда ўтириш талаби қўйилган. Натижада никоҳга киришдан аввал ўзаро келишув қилинмагани боис ёш оила ажралиш остонасига бориб қолган. Айтмоқчи бўлганим, шошма-шошарлик билан қурилган оилаларни ажрашишига эмас, балки никоҳдан ўтиш жараёнларига эътибор қаратсак ўйлаган мақсадимизга эришамиз. Бевосита мазкур жараённинг ичида бўлганимиз боис, бу борадаги таклифиларимиз ҳам йўқ эмас, яъни никоҳга кириш муддатини бир ой эмас, уч ойга узайтириш лозим. Никоҳдан ўтиб, сўнг фарзандини тирик етим қилгандан кўра, 3 ойлик муддатда бир-бирига маъқул келмаса, ўз йўлида давом этганлари маъқул.

    Бошқа янгиликлар