Саида Мирзиёева ўз саҳифасида ёзишича, Озарбайжон Президенти бошчилигидаги олий мартабали меҳмонлар ва уларнинг оила аъзолари Ўзбекистонда катта эҳтиром билан кутиб олинган.
“Мамлакатларимиз ўзига хос биродарлик ришталари билан боғланган. Бу илиқлик нафақат расмий алоқаларда, балки халқларимизнинг бир-бирига чексиз меҳр-оқибатида доим сезилиб туради”, — деб ёзди у.
Унинг таъкидлашича, икки мамлакат тарихи, маданияти ва анъаналаридаги муштараклик бугун инфратузилмадан тортиб инвестицияларгача бўлган кўплаб соҳалардаги қўшма лойиҳаларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Саида Мирзиёева мазкур ташриф Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали алоқалар тарихида яна бир муҳим саҳифани очганини қайд этди.
23 август куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев томонидан “Абадий дўстлик тўғрисида”ги шартнома имзоланган эди.
“Назаримда, ушбу ҳужжатнинг номиёқ бугун Ўзбекистон ҳамда Озарбайжонни боғлаб турган ришталарнинг туб моҳиятини аниқ ифодалайди”, — деди Саида Мирзиёева.
Президент Администрацияси раҳбари озарбайжонлик дўстларни Ўзбекистонда яна кўришдан хурсанд эканини билдириб, уларга “ҳамиша бағрини очиб кутиб оладиган” юртга хуш келибсиз, дея мурожаат қилди.






