АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда айрим ташкилотларда иш кунини соат 8:00 да бошлаш таклиф қилинмоқда

Айни пайтда мазкур таклиф юзасидан жамоатчилик сўровномаси ўтказилмоқда.

'Тошкентда айрим ташкилотларда иш кунини соат 8:00 да бошлаш таклиф қилинмоқда'ning rasmi

Тошкент шаҳрида шаҳар ва туман ҳокимликлари, шаҳар бошқармалари ҳамда уларга қарашли бўлинмаларда иш вақтини соат 8:00 дан 17:00 гача белгилаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.

Айни пайтда мазкур таклиф юзасидан жамоатчилик сўровномаси ўтказилмоқда.

Таклифга кўра, иш кунининг умумий давомийлиги ўзгармайди. Фақат ходимлар амалдаги иш вақтига нисбатан бир соат эртароқ иш бошлаб, бир соат эртароқ ишни якунлайди.

Ҳокимликка кўра, янги иш графиги шаҳар аҳолиси ва давлат хизматларининг иш вақтини ўзаро уйғунлаштириш, бир нечта идора иштирокини талаб қиладиган масалаларни тезкор мувофиқлаштириш ҳамда эрталабки тиғиз вақтда автомобиль йўлларига тушадиган юкламани камайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази таҳлилида ҳам иш бошланиш вақтларини мувофиқлаштириш транспорт оқимларини бир маромда тақсимлашга ёрдам бериши қайд этилган.

Агар янги график жорий этилса, ходимларнинг тушлик вақти ҳам шунга мос равишда ўзгартирилади.

Якуний қарор жамоатчилик фикри ўрганилганидан сўнг қабул қилинади. Таклиф аҳоли томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда, у белгиланган тартибда касаба уюшмалари ташкилотлари билан келишиш учун киритилади.

Сўровнома натижалари 28 август куни сарҳисоб қилинади.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкентда айрим ташкилотларда иш кунини соат 8:00 да бошлаш таклиф қилинмоқда - Darakchi.uz