АсосийЖАМИЯТ

Магистратурага қабулда рад этилган аризалар учун сўнгги имконият берилди

Белгиланган муддатдан кейин аризаларни таҳрирлаш имконияти бўлмайди.

'Магистратурага қабулда рад этилган аризалар учун сўнгги имконият берилди'ning rasmi

2026/2027 ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотлари магистратурасига қабул жараёнида рад этилган айрим аризаларни қайта таҳрирлаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш мумкин. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий ўқув йили учун магистратурага қабул бўйича my.edu.uz электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари кўриб чиқилган.

Кўриб чиқиш жараёнида айрим аризалар бир қатор сабабларга кўра рад этилган. Жумладан:

— танланган мутахассислик талабгорнинг таълим йўналишига мос ёки турдош эмаслиги;

— хорижий тилни билиш бўйича сертификат мавжуд эмаслиги ёки унинг белгиланган талабга жавоб бермаслиги;

— SAT сертификати тасдиқланмагани ёки белгиланган даражага эга эмаслиги;

— сўралган ҳужжат ўрнига бошқа ҳужжат юклангани ёки ҳужжатлар тўлиқ юкланмагани;

— хорижий тилдаги таълим дастурини якунлаганлик тасдиқланмагани;

— ҳужжатлар сифати белгиланган талабларга жавоб бермагани.

Шу каби камчиликлар туфайли аризаси рад этилган талабгорларга 26 август соат 14:00 га қадар электрон тизим орқали аризаларини қайта таҳрирлаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш имконияти берилган.

Белгиланган муддатдан кейин аризаларни таҳрирлаш имконияти бўлмайди. Камчиликлар 26 август соат 14:00 га қадар бартараф этилмаган аризалар қайта кўриб чиқилмайди.

Вазирлик хорижий тилни билиш даражаси бўйича талаб этилган миллий ёки халқаро сертификатга эга эмаслиги ёки мавжуд сертификати белгиланган талабларга жавоб бермагани сабабли рад этилган аризаларни қайта таҳрирлаш тавсия этилмаслигини алоҳида таъкидлаган.

    Бошқа янгиликлар

    Магистратурага қабулда рад этилган аризалар учун сўнгги имконият берилди - Darakchi.uz