АсосийЖАМИЯТ

2,6 млн фуқаронинг даромади ошди, камбағаллик даражаси 4,5 фоизга тушди — Жамшид Қўчқоров

Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи ярмида 506 минг нафар аҳоли доимий иш билан таъминланди.

'2,6 млн фуқаронинг даромади ошди, камбағаллик даражаси 4,5 фоизга тушди — Жамшид Қўчқоров'ning rasmi

Шу даврда 2 миллион 616 минг нафар фуқаронинг даромади оширилди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 25 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишида маълум қилди.

Йиғилишда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг 2026 йил биринчи ярмидаги ижроси муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида 2 756 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилган. “Ижтимоий реестр”га киритилган 227 мингта камбағал оилага даромадини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилган.

Кўрилган чоралар натижасида ишсизлик даражаси йил бошидаги 4,8 фоиздан 4,5 фоизга тушган. Камбағаллик даражаси ҳам 4,5 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, 546 минг нафар норасмий банд фуқаронинг фаолияти легаллаштирилган. Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида 104 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, улар орқали 246 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.

Иқтисодий ўсиш 8,5 фоизни ташкил этди

Маълум қилинишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиш суръати 8,5 фоизни ташкил этган. ЯИМ ҳажми 1 072,7 триллион сўмга етган.

Ҳисобот даврида саноатда 8 фоиз, хизматлар соҳасида 9,2 фоиз, қурилишда 13,7 фоиз, қишлоқ хўжалигида эса 4,7 фоиз ўсиш қайд этилган.

Давлат бюджети харажатлари 205,6 триллион сўмни ташкил этган. Шундан 105,8 триллион сўм ижтимоий соҳаларга йўналтирилган.

Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга 28,1 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоиз кўп. Унинг 26 миллиард доллари тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳиссасига тўғри келган.

Мамлакат экспорти эса биринчи марта 15,9 миллиард долларга етган.

37,8 мингта янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш доирасида қарийб 37,8 мингта янги кичик бизнес субъекти ташкил этилган.

Савдо-саноат палатасининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига қарийб 70 мингта бизнес хизмати кўрсатилган.

    Бошқа янгиликлар

    2,6 млн фуқаронинг даромади ошди, камбағаллик даражаси 4,5 фоизга тушди — Жамшид Қўчқоров - Darakchi.uz