АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини 1 майга қадар тўлиқ олиб чиқиб кетиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда мамлакат расмийларининг маълумотларига таяниб Reuters хабар қилди.
«Вашингтонда сиёсий жараён давом этаётганлиги сабабли, АҚШ бирон бир вариантни рад этмайди. Биз 1 майга қадар қўшинларимизни тўлиқ олиб чиқиб кетиш масаласини кўриб чиқмоқдамиз», - дейилган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг президент Ашраф Ғанига ёзган мактубида.
Мактубда ёзилишича, АҚШ Россия, Хитой, Покистон, Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлари ва вакилларини Афғонистонда тинчликни сақлашга қаратилган ягона ёндашувни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказиш юзасидан БМТга мурожаат қилмоқчи.
Бундан ташқари, Вашингтон «Туркия ҳукуматидан тинчлик битимини якунлаш учун яқин ҳафталарда икки томоннинг юқори даражадаги учрашувини ташкил қилишни» режалаштирмоқда.