Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Марказий Осиё мамлакатлари аграр сектори раҳбарларининг "Озиқ-овқат тизимидаги инновациялар: озиқ-овқат тизимлари бўйича Саммитга йўл" учинчи кенгашида иштирок этди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Видеоконференцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалиги вазирлари, ФAО бош директори Цюй Дунъюй, БМТнинг минтақавий вакиллари, Барқарор озиқ-овқат тизимлари бўйича махсус ишчи коалиция (БОТ-МИК), Евроосиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, ИФAД, Ислом тараққиёт банки ва Жаҳон банки вакиллари иштирок этишди.
Учрашувнинг мақсади озиқ-овқат тизимини барқарор ривожланиш манфаатлари йўлида хизмат қиладиган тарзда ўзгартириш усулларини кўриб чиқиш ҳамда Марказий Осиё минтақасида озиқ-овқат тизимларини такомиллаштиришнинг асосий вазифаларини белгилашдан иборат. Шунингдек, инновацияларни ривожлантириш учун қулай муҳит яратишга қаратилган баъзи истиқболли қишлоқ хўжалиги стратегиялари ҳам муҳокама қилинди.
2030 йилгача бўлган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида замонавий билимларни қишлоқ хўжалиги соҳасида қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу мақсадда қишлоқ хўжалигида илғор илмий ишланмалар, янги методикалар, биотехнология ва сувни тежаш технологиялари жорий этилмоқда, шунингдек, уруғ етиштириш фаол ривожланмоқда.
ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев
"Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришнинг инновацион омили биринчи ўринга чиқмоқда", — таъкидлади вазир Жамшид Ходжаев. — Мамлакатимиз ҳудудларида ноёб AKIS агро хизматлар марказларини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Улар "ягона дарча" тамойили асосида фермерларга кенг кўламли ихтисослашган хизматларни тақдим этади: халқаро сертификатлаш, ветеринария тиббиёти, уруғлар, кўчатлар, ёш чорва моллари савдоси, тупроқ ва суғориш сувларини таҳлил қилиш, фитосанитар хавфларни баҳолаш ва бошқа кўплаб хизматлар шулар жумласидандир. Шунингдек, ушбу марказларда доимий равишда хорижий етказиб берувчиларнинг янги технологияларини намойиш этиш ишлари ташкил этилади ва фермерлар шу ернинг ўзида шартномалар тузиш имкониятига эга бўладилар".
Учрашув давомида 2021 йилда ўтказаладиган Озиқ-овқат тизимлари бўйича саммитда ушбу соҳадаги минтақавий ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда иштирок этиш масаласи муҳокама қилинди.
Йиғилиш чоғида вазир Ходжаев Европа ва Марказий Осиё учун Барқарор озиқ-овқат тизимлари бўйича махсус ишчи коалиция (БОТ-МИК) ишида фаол иштирок этишга Ўзбекистон тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди. БОТ-МИК томонидан ишлаб чиқилаётган материаллар барқарор озиқ-овқат тизимларига умумий ёндашувни, шунингдек Саммит якуний декларациясининг асосий қоидаларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.