АсосийJamiyat

Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари маълум қилинди

'Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари маълум қилинди'ning rasmi

 Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари эълон қилинди. Бу борада эълон қилинган  Вазирлар Маҳкамасининг «Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида белгилаб қўйилди.

Қайд этилишича, қарор билан оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, уларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини кучайтириш мақсад қилинган. Қарор лойиҳасида Ички ишлар вазирлиги оммавий тадбирларни ташкил этиш ва уни ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириши ҳамда Миллий гвардия биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш давомида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаши белгиланган.

Шунингдек, қоидалар Ўзбекистон ҳудудида оммавий тадбирлар ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини белгилайди ҳамда улар иштирокчилари, оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятлари, ички ишлар органлари, Миллий гвардия бўлинмалари, шунингдек, бошқа давлат органларининг оммавий тадбирлар ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқларини тартибга солади.

Қоидаларнинг амал қилиши йиғилишлар, намойишлар, кўча юришлари ва намойишларини, шунингдек тўй, оилавий, юбилей, вафот этганлар хотирасига бағишланган оилавий аза маросимлари ва тадбирларни ўтказишга татбиқ этилмайди. Оммавий тадбирлар биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатига киритилган объектларда ўтказилиши мумкин.

Таъкидланишича, биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Бундан ташқари, иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари таклифлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Айрим оммавий тадбирлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарорлари асосида, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатларига киритилмаган жойларда ўтказилиши мумкин. Оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома асосида, оммавий тадбир дастурига мувофиқ оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан ўтказилади.

Кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилади.

Қарорда ёзилишича, давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара тўлови ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди.

Халқаро ва умумдавлат аҳамиятига эга бўлган оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар Вазирлар Маҳкамаси билан келишув бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан берилади.

Ўзбекистон ҳудудида «Наврўз», «Мустақиллик» ва «Янги йил» умумхалқ байрамларини ўтказиш бўйича президент, Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ ташкил қилинадиган оммавий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарорлари асосида ўтказилади.

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар