Республикада уч ва тўрт юлдузли меҳмонхоналарни субсидиялаш муддати 2023 йил 31 декабргача узайтирилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, меҳмонхоналарнинг уч юлдузли тоифаси учун 50 хонадан кам бўлмаган ва тўрт юлдузли тоифаси учун 100 хонадан кам бўлмаган фондга эга меҳмонхоналарни фойдаланишга топшириш муддатлари 2023 йил охирига қадар узайтирди. Яъни, меҳмонхоналар ушбу қайд этилган муддатгача фойдаланишга топширилган тақдирда белгиланган тартибда субсидияланади.
Шунингдек, субсидия олишни истаган инвесторлар ҳужжатларни топшириш санасида Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бўлмаслиги ҳамда банкротлик ва тугатиш жараёнида бўлмаслиги талаб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарори билан Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш, ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланган. Низомга мувофиқ, бир марталик субсидия қуйидаги миқдорларда берилади:
-уч юлдузли меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 40 миллион сўм;
-тўрт юлдузли меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонасига 65 миллион сўм.