АсосийSavol-javob

Суд қарорининг ҳам амал қилиш муддати борми?

'Суд қарорининг ҳам амал қилиш муддати борми?'ning rasmi

"Даракчи" таҳририятига Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида яшовчи фуқаро М.Ташибаевадан қуйидагича мурожаат келиб тушди:

— Куёвим билан қизим ажрашган, бир нафар боласи бор. Набирамнинг туғилганлик гувоҳномасида отасининг исмигина ёзилган, фамилияси қизимники. Фамилиясини ўзгартириш учун ФҲДЁга борсак, оталикни белгилаш ҳақидаги суд қарори 2015 йил чиққан экан. Орадан 4 йил ўтган, қарорнинг амал қилиш муддати ўтиб кетган”, деб ортимизга қайтарди. Шу тўғрими?

Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Бехзод Сагатов билан боғландик...

— Фуқаролик процессуал қонунчиликка кўра, суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий ҳамда Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Суднинг оталикни белгилаш ҳақидаги ҳал қилув қарорини амал қилиш муддати қонунчиликда назарда тутилмаган, яъни суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинмаган ва қонуний кучда бўлса, бутун давр мобайнида амалда бўлади. Мазкур ҳолатда туман ФҲДЁ бўлими томонидан амалга оширилган хатти-ҳаракати (агарда қизингиздан ҳал қилув қарори бугунги кунда қонуний кучда ёки эмаслиги ҳақида маълумот талаб қилиниши муносабати билан қайтариб юбормаган бўлса) ноўрин ҳисобланади. Мазкур ҳолатда қизингиз ҳал қилув қарорини қабул қилинган фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судидан суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучда эканлиги ҳақидаги маълумот олган ҳолда туман ФҲДЁ бўлимига қайта мурожаат қилишга ҳақли.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар