Таҳририятга қуйидагича савол келиб тушди...
— Ҳозирда талабаман, лекин соҳам бўйича ишлайман ҳам. Ишни таълим билан бирга қўшиб олиб бораётган шахслар учун қандай имтиёзлар белгиланган?
Мазкур мурожаатга жавоб олиш мақсадида Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси Акрам Юсупов билан боғландик:
— Меҳнат кодексининг 248-моддасига кўра, ишлаб чиқаришда касбга доир таълим олаётган, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда малакасини ошираётган ёки таълим муассасаларида ўқиётган ходимларга ишни таълим билан бирга қўшиб олиб боришлари учун иш берувчи зарур шароитлар яратиб бериши шарт.
Таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, ўқув режасини бажараётган ходимлар меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда иш жойидан ҳақ тўланадиган қўшимча таътилга чиқиш, қисқартирилган иш ҳафтаси шароитида ишлаш ва бошқа имтиёзлар олиш ҳуқуқига эга.
Таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга йиллик таътилларни иш берувчи уларнинг хоҳишига кўра имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига тўғрилаб бериши шарт.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА