Мўйноқ... Сўнгги вақтлар кўп тилга олинаётган, эътибор қаратилаётган Оролбўйи тумани. Бу ерларда бир пайтлар ҳаёт қайнаган. Ўшанда балиқчилар учун тирикчилик, сайёҳлар учун соҳил, тижоратчилар учун порт вазифасини бажарган бу ҳудуд ва Орол денгизининг қолган қисми оралиғида 100 кмли қумликлар ҳосил бўлган. Аҳолиси 31 минг киши (Шундан 13 минги туман марказида яшайди).

Туризм ва спорт вазирлиги томонидан айнан Мўйноққа ташкил этилган пресс-туримиз давомида туман ҳокими Эрпўлат Эденбаев билан ҳам суҳбат қилдик. Улардан бурунги ва бугунги Мўйноқ ҳақида сўрадик. Орол қуриши натижасида экологик оғир ҳудудга айланиб, узоқ йиллар “узилиб қолган” ва эндиликда янги ҳаётга қайтаётган Мўйноқ ҳақидаги ҳақиқатларни сиз билан ҳам бўлишамиз...

“ЎША ЙИЛИ РЕСПУБЛИКА БЎЙИЧА ЭНГ ЁШ ҲОКИМ БЎЛГАНМАН”
Эрпўлат ЭДЕНБАЕВ, Мўйноқ тумани ҳокими:
— 2 йилдан буён Мўйноқда ҳокимлик қиламан. Ўз ишимни банк фаолиятидан бошладим. 2013 йилда Халқ банкида раҳбар, 2017 йилда Қўнғирот тумани ҳоким ўринбосари, ундан кейин Қорақалпоғистон республикаси Иқтисодиёт вазирлигида вазир ўринбосари бўлиб ишладим ва 2019 йилдан Мўйноқ тумани ҳокими сифатидан ишлаб келяпман. Ўша йили республика бўйича энг ёш ҳоким бўлганман.
ЯНГИ МЎЙНОҚ
— Эски Мўйноқ қандай бўлган? Бу шаҳар ўрнида нималар бўлган?
— Мен 2019 йил келганимда туман марказида эски бинолар ва аҳоли уйлари бўлган. Шаҳарни қуриш бошлангач, 156 та аҳоли яшаш уйлари “снос”га тушган. Лекин 37-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 1,5 триллиондан ортиқ маблағлар сарфланиши белгиланган ва бунинг эвазига туманда аеропорт қурилди, йўллар таъмирланди, туман маркази қайтадан қурилди. 17 та мактаб, 14 та МТТ таъмирланди, 4 та янги МТТ қурилиб, унинг қамрови 98 фоиздан ошди.


“КЎЧИБ КЕТГАНЛАРНИНГ КЎПЧИЛИГИ ҚАЙТИБ КЕЛИШЯПТИ”
— Мўйноқдаги ўзгаришларни қандай ифодалай оласиз?
— Бир пайтлар бу ерда ҳаёт қайноқ бўлган. Йирик Мўйноқ консерва заводи фаолият юритган. Орол қуришни бошлагандан сўнг эса, аҳолининг яшаш шароити оғирлаша бошлаган ва бу ерлардан кўчиб кетишни бошлашган. 90-йиллар бошида мазкур завод ҳам ёпилган. Орада узоқ йиллик “узилиш” бўлиб қолган. Хозир Мўйноқдаги ўзгаришларни кўриб, кўпчилик кўчиб кетганлар қайтиб келишяпти. Бу эса Мўйноққа ҳаёт қайтаётганидан бир дарак, десак бўлади. Ўтган 2020 йилда 25 миллиард маблағ эвазига Мўйноқ консерва заводи ҳам қайта тикланиб, у ерда балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар гапларида “Маданият Мўйноқдан бошланади” деб таъкидлайдилар. Бу бежизга эмас. Туманимизга давлат даражасида эътибор қаратиляпти.


АЕРОПОРТ ВА КАЗИНО ҲАҚИДА
— Кўпчилик учун қизиқ бўлаётган Мўйноқдаги аеропорт ва казино ҳақида маълумот берсангиз...
— Мўйноқ аеропорти ҳам қурилиши бошланиб, унга 100 миллиарддан ортиқ маблағ сарфланган. Бу аеропортнинг битказилиши бўйича аниқ санани айта олмайман, лекин у битиши билан Тошкент-Мўйноқ авиақатновлари йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шунингдек, туманимизда казино очилиши ҳам кутиляпти. Бу бўйича тегишли қарорга ўзгартириш киритилиши кутиляпти. Ҳозир жойларини аниқладик. У “Кемалар қабристони” яқинида қурилиши мумкин.
ТУРИЗМ ИНФРАТУЗИЛМАСИ ЯХШИЛАНМОҚДА
— Сайёҳлар учун қандай шароитлар қилиняпти?
— Илгари сайёҳлар келиб, асосан, Орол денгизига яқин ҳудудларга жойлашишган.Бу ерга улар фақатгина очиқ осмон остидаги музей – кемалар музейини ва Оролнинг қуриган қирғоқларини томоша қилиб кетишарди. Энди эса бу ерда музей, маёқ қурилган, меҳмонхоналар сони ошган. Мисол учун Мўйноқда 2018 йилда меҳмонхона ва меҳмон уйлари сони 2–3 та бўлган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 13 тага етди.


МЎЙНОҚҚА ЙИЛИГА 5000–6000 НАФАР ТУРИСТЛАР КЕЛГАН
— Бу ҳақида маҳаллий аҳоли қандай фикрда?
— Туманимиз туризмга ихтисослашган. Буни бу ерлик аҳоли ҳам яхши тушуниб қолишган. Масалан, “Стихия” мусиқий фестивалига мингдан ортиқ мамлакатимиз ва хориждан сайёҳлар келишди. Яқин орада Rally мусобақалари, веломарофонлар, балиқдан 99 таом тайёрлаш фестивалини ҳам ўтказиш режамизда бор. Бу эса туманимизга сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилади. Шунинг учун туристлар оқимининг кўпайиши аҳоли учун ҳам фойдали бўлади. Пандемия давригача бизнинг ҳисобимиз бўйича Мўйноққа 5000–6000 нафар туристлар келган. Ҳозир ҳам бу кўрсаткич бироз ўсган. Биринчи чорак ҳисобидан аҳолига жон бошига сайёҳлик фирмаларнинг келтирган фойдаси 39 минг сўмни ташкил қилиб турибди.


“ИШСИЗЛИК ДАРАЖАСИ БОШҚА ТУМАНЛАРГА ҚАРАГАНДА БИРМУНЧА ПАСТРОҚ”
— Туман аҳолисининг асосий даромади нимадан?
— Туманимиз катталиги жиҳатидан Қорақалпоғистон республикасида Қўнғирот туманидан кейин 2-ўринда туради – 37 минг кв. км. Ишсизлик даражаси эса бошқа туманларга қараганда бирмунча пастроқ. Сабаби Мўйноқ тумани атрофида кўллар кўп. Туман аҳолисининг асосий даромади чорвачилик ва балиқчилик билан. Қолаверса, 4000–5000 нафар туман аҳолиси артемия денгиз жониворини тутиш билан ҳам шуғулланишади. Унинг бир кг ми 7–8 АҚШ долларига баҳоланади.
Эслатиб ўтамиз, артемия систалари ноёб жонзод ҳисобланиб, улардан олинган маҳсулотлар асосан аквамаданият саноатида, агросаноат комплексида, фармацевтика, медицина ва косметологияда кенг қўлланилади.
СУВ, ГАЗ ВА ЭЛЕКТР МУАММОСИЗ!
— Асосий муаммолар ҳисобланган сув, электр ва газ муаммоси туманда қандай ҳал этилган?
— 2018 йилда Мўйноққа Туямўйин сув омборидан ичимлик суви олиб келиш лойиҳаси амалга оширилиб, 4–5 ой муддатда ичимлик суви қувурлари тортилиб, етказиб берилди. Олдинлари ичимлик суви муаммо бўлган. Атрофдаги каналлардан юк машиналарида етказиб берилган. Лекин у аҳоли эҳтиёжини қондира олмаган. Газ билан таъминлаш даражаси бизда муаммо йўқ. Мўйноқ туманида 11 та маҳалла бўлса, шундан 2 та маҳаллада газ ўтказилмаган. Қолган қувурлар ўтказилган маҳаллаларда газ муаммоси йўқ.
КАДРЛАР-ЧИ?
— Кадрлар билан таъминланганлик даражаси қандай?
— Таълим соҳасида кадрлар етишмовчилиги бор. Ўтган йили Президентимиз ташрифи давомида Мўйноқ, Тахтакўпир ва Бўзатов туманига алоҳида эътибор қаратилган. Шу асосда 470 нафар ёшлар имтиёз асосида олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Тиббиёт соҳасидаги мутахассилар етишмайди. 2018 йилда 50 нафар ёшларимиз тиббиёт олийгоҳларига имтихонсиз қабул қилинган эди. Улар ўқишларини битириб келишса, бу ерда айнан шу соҳаларда камчилик бўлмайди.




КАМБАҒАЛЛИК ДАРАЖАСИ
— Туман аҳолисининг ижтимоий аҳволи ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
— Ҳозирда 68 та оила “темир дафтар”да қолиб турибди. “Ёшлар дафтари”да 1470 нафар, шундан 260 нафари, “аёллар дафтари”да 380 нафар аёллардан 175 нафари чиқарилди. Бюджетимизда биринчи чоракда 2,2 млрд. сўм орттирилган даромад билан чиқдик. Шундан аёллар ва ёшлар дафтарининг ҳар бирига 335 миллион сўмдан маблағ ажратилади. Бу маблағларга ўз-ўзини банд қилмоқчи бўлган фуқаролар учун эҳтиёжларидан келиб чиқиб, асбоб-ускуна сотиб олиб берамиз.

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ суҳбатлашди
Тошкент–Мўйноқ–Тошкент






