Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 август куни имзолаган фармонида белгиланди.
Унга кўра:
- уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхона қурилиши учун субсидиялар бериш муддати 2029 йил 1 январга қадар узайтирилади;
- меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари учун мол-мулк ва ер солиғи ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент қўллаш 2030 йил 1 январга қадар давом эттирилади;
- туризм соҳаси учун импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобусларни божхона божидан озод қилиш муддати 2028 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан Ўзбекистон резиденти бўлган туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизматларига қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланади.
Яна бир янгилик — юлдузли меҳмонхонага субсидия олиш учун унинг тоифасини тасдиқлашда хорижий компаниялар хулосаси талаб этилмайди.
Фармон билан қиймати БҲМнинг 400 бараваридан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловларни фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш белгиланди. Илгари бу чегара 25 млн сўм этиб белгиланган эди.
Шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларини текширишга уч йиллик мораторий, “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси ва “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” қоидаси каби чоралар ҳам назарда тутилган.






