Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Аркутсой палеолит ёдгорлигида 320–280 минг йил аввал шаклланган қатламдан қадимги инсон томонидан ишлов берилган тош буюмлар аниқланди. Агар ушбу сана лаборатория таҳлиллари билан тасдиқланса, Аркутсой Ўзбекистондаги энг қадимги палеолит ёдгорлиги сифатида эътироф этилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
Топилмалар Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институти ҳамда Россия Фанлар академияси Сибирь бўлимининг Археология ва этнография институти мутахассислари ҳамкорлигидаги тадқиқотлар давомида аниқланган.

Аркутсой ёдгорлигида мақсадли археологик тадқиқотлар 2024 йилда бошланган. Ҳозирда учта майдонда қазишма ва кузатув ишлари олиб борилмоқда.
Тадқиқотлар жараёнида ёдгорликнинг учта қадимги тупроқ қатламидан инсон томонидан ишлов берилган тош артефактлар топилган. Бу қадимги одамлар ҳудудни бир неча босқичда ўзлаштирганини кўрсатади.
Мутахассисларнинг дастлабки геологик ва палеоиқлимий баҳолашларига кўра, учинчи қатлам 320–280 минг йил аввал шаклланган.
Олимлар янги топилмалар Марказий Осиёда қадимги инсонларнинг тарқалиши ва турли табиий-иқлимий шароитларга мослашувини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.
Агар топилмаларнинг ёши мустақил лаборатория таҳлиллари билан тасдиқланса, бу қадимги инсонлар Тошкент воҳаси ва Ўзбекистон ҳудудини 320 минг йил аввал ҳам ўзлаштирганини кўрсатиши мумкин.






