Тошкентда такси ҳайдовчисини калтаклашда гумонланаётган блогер қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот-мультимедиа маркази бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Худойберганов маълум қилди.
Қайд этилишича, блогер Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олинган.
Гап 17 август куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида содир бўлган можаро ҳақида кетмоқда.
Маълум бўлишича, 27 ёшли такси ҳайдовчиси Ёқуббек Жўрабоев ва йўловчи аёл ўртасида оғзаки тортишув юзага келган. Шундан сўнг воқеа жойига йўловчининг икки таниши — инстаблогерлар етиб келган.
Улар ҳайдовчи билан жанжаллашиб, унга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатган. Блогерлар дастлаб ҳайдовчини аёлга нисбатан жинсий тегажоғлик қилганликда айблаб, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда видеолар тарқатган.
Бироқ вазият бошқача тус олгач, блогерлар видеомурожаат орқали жамоатчиликдан ўзларини оқлашда ёрдам сўраган. Кейинчалик уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан можаро билан боғлиқ видеолар олиб ташланган.
Такси ҳайдовчиси эса воқеа вақтида унга нисбатан куч ишлатилганини билдирган. У тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Шифокорлар унда пешона ва энса соҳаларида шишлар, шунингдек, елка, ёнбош, кўкрак ва қорин соҳаларида шилинган жароҳатлар борлигини аниқлаган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов доирасида блогер қамоққа олинган.






