АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда ёзнинг сўнгги кунларида ҳаво 40 даражагача исийди

Ўзбекистонда ёзнинг сўнгги кунларида иссиқ об-ҳаво сақланиб туради.

'Ўзбекистонда ёзнинг сўнгги кунларида ҳаво 40 даражагача исийди'ning rasmi

Кундузи ҳаво ҳарорати 33–38 даража, жанубий ҳудудларда эса айрим жойларда 39–40 даражагача кўтарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, август ойининг сўнгги кунларида мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларига салқин ҳаво массалари кириб кела бошлайди. 31 август кунига келиб ушбу ҳудудларда кундузги ҳаво ҳарорати 25–30 даражагача пасаяди.

1 сентябрь куни салқин ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Натижада ҳаво ҳарорати 3–5 даражага пасаяди.

Бу кунларда республика ҳудудининг асосий қисмида об-ҳаво қуруқ бўлиши кутилмоқда. Фақат Қорақалпоғистон Республикасининг шимолида 29–30 август кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Айрим ҳудудларда шамол тезлиги 13–18 метр/секундгача кучаяди. Баъзи жойларда шамол тезлиги 20–22 метр/секундгача етиб, чанг-тўзон кўтарилиши мумкин.

Тошкентда ҳам ҳарорат пасаяди Пойтахтда 28–30 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Кундузги ҳаво ҳарорати 35–38 даража атрофида бўлади.

31 август куни Тошкентда ҳаво 34–36 даражагача исийди. 1 сентябрда эса ҳарорат 30–32 даражагача пасаяди.

Кечалари ҳаво ҳарорати 20–22 даража бўлади. 1 сентябр куни эса бу кўрсаткич 16–18 даражагача тушади.

Шамол шарқдан эсиб, кейинчалик йўналишини шимоли-ғарбга ўзгартиради. Шамол тезлиги 3–8 метр/секундни ташкил этиб, вақти-вақти билан 10–12 метр/секундгача кучайиши мумкин. Пойтахтнинг айрим ҳудудларида чанг-тўзон кузатилиши эҳтимоли бор.

Аввалроқ Ўзгидромет сентябрь ойида Ўзбекистонда об-ҳаво нисбатан қуруқ ва бироз илиқ бўлишини маълум қилган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда ёзнинг сўнгги кунларида ҳаво 40 даражагача исийди - Darakchi.uz