Молия вазирлиги ҳисоботида маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий институтлардан жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 10,1 млрд. долларни ташкил этиб, мазкур кредитлар узоқ муддат ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган.
Асосий қарз берувчилар кимлар?
Давлат ташқи қарзининг асосий қисми қуйидаги молиявий институтлар ҳиссасига тўғри келади:
- Осиё тараққиёт банки – 5,0 млрд. доллар;
- Жаҳон банки – 3,8 млрд. доллар;
- Ислом тараққиёт банки – 0,9 млрд. доллар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг асосий кредиторлари — Хитой эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келиб, асосан турли инвестицион дастурларни давлат кафолатлари остида молиялаштирилиши учун қарз маблағлари жалб этилган.

Бу қарздорликлар қандай тўланади?
Кредиторлар олдидаги қарздорлик бўйича харажатлар давлат корхоналари томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш натижасида тушган маблағлар ҳисобидан сўндирилади.
Қарзлар қайси пул бирликларида олинган?
Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг:
- 70,4 фоизи – АҚШ доллари,
- 11,0 фоизи - Япония иенаси,
- 9,5 фоизи – SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари),
- 5,0 фоизи – Евро,
- 4,1 фоизи - бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

2021 йилнинг январь-март ойларида:
- Корея Эксимбанки билан 164 млн. долларга тенг 40 йил муддатга (10 йиллик имтиёзли даври билан) 0,15 фоизлик 2 та қарз битими;
- Япония Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги билан 135,5 млн. долларга тенг 15 йил муддатга (4 йил имтиёзли даври билан) 0,01 фоизлик 1 та қарз битими имзоланган.
“Fitch Ratings” халқаро агентлиги билан ҳамкорлик
“2021 йилнинг 1 чорагида “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг мамлакат суверен кредит рейтингини қайта баҳолаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг мутасадди вазирлик ва идоралари билан учрашувлари бўлиб ўтди. Жорий йилнинг 9 апрель куни “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасига бағишланган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги ўзгаришсиз “BB-” (барқарор кутилма) даражада сақлаб қолинди. Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатимизнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва ўсиш суръатлари республикамиз суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллардан ҳисобланади. Шу ўринда, мамлакатнинг хом-ашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси, ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган”, - дейилади вазирлик ахборотида.




