Ижтимоий тармоқларда ва мессенжерларда икки нафар аёл ИИО ходимлари билан жанжаллашаётганлиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий маълумот берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 31 май куни Олмазор тумани Қорақамиш даҳасидаги махсус чиқинди ташлаш пунктида вақтинча яшовчи 1994 йилда туғилган Саёдхон З. маст ҳолатда бўла туриб (тиббий маълумотда ўртача ҳолатдаги алкоголь мастлик ҳолати қайд этилган) ўзининг турмуш ўртоғи Озод М. билан жанжаллашган ва 103 рақамига қўнғироқ қилиб, ҳомиладор эканлигини, ҳомиласидан ҳавотирланаётганлигини маълум қилган.
Сайёдхон З. соат 00.05ларда ўзининг 1 ёшли фарзанди ва жияни вояга етмаган Рўзигул З. билан бирга тез тиббий ёрдам машинасида Олмазор туманидаги 3-сонли туғруқхонага олиб келинган. Сайёдхон З. текширилганда ҳомиланинг аҳволи яхши эканлиги сабабли уйига кетишига рухсат берилган.
Сўнг Сайёдхон З. ва жияни Рузигул Р. туғруқхона ҳудудида қоровул билан жанжал кўтарган. Буни кўрган фуқаролар 102 рақамига қўнғироқ қилиб, ушбу жанжал ҳақида хабар беришган. Ҳодиса жойига етиб келган профилактика инспекторлари ва ППХ ходимлари, жанжаллашаётган Сайёдхон З. (видеотасвирда қўлида боласи бор бўлган) ва Рўзигул Р.ларни тинчлантиришга ҳаракат қилишган.
Бироқ улар ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатиб, йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетишган. Воқеанинг гувоҳи бўлган Сайёдхон З.нинг қариндоши (видеотасвирда Сайёдхон З.ни ушлаб турган оқ футболкадаги фуқаро ички ишлар органи ходими эмас) ва бошқа фуқаролар ички ишлар органлари ходимларига ёрдам бериш мақсадида ушбу аёлларни тинчлантиришга ҳаракат қилишган, Сайёдхон З. қўлидаги фарзандини тушириб юбормаслиги учун, фуқаролар унинг қўлидан фарзандини олишган. Шундан сўнг барча иштирокчилар Олмазор тумани 6-сонли ИИБга олиб келинган.
Сайёдхон З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (“Майда безорилик”) аломатлари билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ўрнатилган тартибда кўриб чиқишлик учун судга тақдим этилди.