Андижон ва Хоразм вилоятларида муддати ўтган ҳамда сифати кафолатланмаган дори воситаларини сотиш ҳолатлари аниқланди. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти Марҳамат тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда "M.S." МЧЖ раҳбари М.Қ. хусусий шифохонасидаги дорихонада умумий қиймати 189,6 млн сўмлик 341 турдаги 52 798 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни сотувга қўйгани аниқланган.
Ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда "A.A." МЧЖ раҳбари С.Ғ. "Гулшан" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги дорихонасида умумий қиймати 49,2 млн сўмлик муддати ўтган ва сифати кафолатланмаган дори воситаларини сотувга қўйгани маълум бўлган.
Мазкур дорилар ҳам ашёвий далил сифатида олинган.
Қайд этилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-12-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу модда сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни муомалага киритиш, шунингдек, дори воситаларини белгиланган тартибни бузган ҳолда сотиш билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарликни назарда тутади.






