АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонда қўриқлаш хизматларининг қўшимча 8 тури жорий этилиши мумкин

Президент қўриқлаш тизимини такомиллаштиришда инсон манфаатлари, аҳоли осойишталиги ва мол-мулк дахлсизлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиши лозимлигини таъкидлади.

'Ўзбекистонда қўриқлаш хизматларининг қўшимча 8 тури жорий этилиши мумкин'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёевга қўриқлаш хизматлари сифатини ошириш ва қамровини кенгайтириш бўйича таклифлар тақдим этилди. Унда соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва аҳоли учун янги хизматларни йўлга қўйиш назарда тутилган.

26 ноябрь куни давлат раҳбари қўриқлаш хизматлари сифатини ошириш ва қамровини кенгайтиришга қаратилган тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, сўнгги 10 йилда мамлакатда ижтимоий ва савдо объектлари сони 150 мингтадан 500 мингтага, уй-жойлар сони эса 1,5 миллионтадан 8 миллионтага кўпайган. Туну кун фаолият юритадиган савдо ва хизмат кўрсатиш кўчалари сони 255 тага етган.

Шу даврда қўриқлаш объектлари сони 194 мингтадан 337 мингтага, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар сони 533 тадан 630 тага оширилган. 6,5 мингта маҳаллада патруллик хизмати йўлга қўйилиб, 58 минг нафар қоровулнинг малакаси оширилган.

Бироқ қўриқлаш хизматларининг мавжуд қамрови ва турлари аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг ортиб бораётган эҳтиёжларини тўлиқ қондирмаётгани таъкидланган. Шунингдек, соҳа асосан давлат объектларини қўриқлаш билан чекланиб қолаётгани, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш зарурлиги қайд этилган.

Тақдимотда соҳа фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, мавжуд бешта ахборот тизимини бирлаштирувчи «Рақамли қўриқлаш» ягона ахборот тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Ушбу тизим орқали қўриқлаш хизматлари бўйича шартномаларни электрон шаклда расмийлаштириш, тўловлар ҳақидаги маълумотларни онлайн олиш ва тезкор гуруҳлар ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилади. Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида эҳтимолий хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олиш кўзда тутилмоқда.

Бугунги кунда мавжуд олтита хизмат турига қўшимча равишда яна саккизта замонавий хизматни жорий этиш таклифи билдирилди.

Жумладан, «Ақлли ва хавфсиз уй» концепцияси асосида хонадонларга замонавий назорат қурилмаларини ўрнатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва мобил қурилмалар орқали тезкор ёрдам чақириш имконини берувчи виртуал «SOS» тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Шунингдек, инвесторлар, сайёҳлар ва тадбиркорларга тансоқчилик хизмати кўрсатиш, оилавий ва бошқа тадбирларда жамоат тартибини сақлаш, учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида кузатув олиб бориш ҳамда мавсумий фаолият юритувчи объектларни қўриқлаш хизматларини йўлга қўйиш таклиф этилди.

Кўп квартирали уйларда домофон ва ташвиш тугмаларини ўрнатиш орқали техник қўриқлаш хизматидан фойдаланиш амалиётини жорий этиш ҳам назарда тутилмоқда.

Қўриқлаш соҳасида хусусий сектор имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Хусусий ташкилотлар томонидан қўриқлашнинг техник воситаларини ўрнатиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатишнинг ягона тартиби ҳамда талабларини белгилаш таклиф қилинди.

Шу билан бирга, қўриқлашнинг замонавий техник воситаларини маҳаллийлаштириш, миллий дастурий таъминот ва қурилмалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалари тақдим этилди.

Маълум қилинишича, маҳаллийлаштириш даражасини 30 фоиздан 60 фоизга, қурилмалар ишлаб чиқариш қувватини эса ойига 10 мингтадан 30 мингтага етказиш орқали уларнинг таннархини 1,7 баробар арзонлаштириш мумкин.

Соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Миллий гвардиянинг қўриқлаш фаолиятига оид ваколатларини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, Миллий гвардия томонидан қўриқланиши мумкин бўлган объектлар турини 13 тадан 24 тага етказиш, жисмоний ва техник қўриқлаш, тансоқчилик ҳамда турли тадбирларда жамоат тартибини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш таклиф этилди.

Тақдимотда 2027 йилгача қўриқлашга олинган объектлар сонини 600 мингтага, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар сонини 800 тага етказиш мақсад қилингани айтилди. Шунингдек, қўшимча 1,5 мингта маҳаллада патруллик хизматини ташкил этиш учун қўриқлаш хизмати ходимлари сонини 8 мингтага ошириш режалаштирилган.

Президент қўриқлаш тизимини такомиллаштиришда инсон манфаатлари, аҳоли осойишталиги ва мол-мулк дахлсизлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Масъул идораларга аҳоли учун сифатли ва ҳамёнбоп хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, ҳамжиҳатликда ишлаш бўйича топшириқлар берилди.

    Бошқа янгиликлар