АсосийЖАМИЯТ

Қўқон шаҳрини Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти этиб белгилаш таклифи берилди

Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган бугунги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига...

'Қўқон шаҳрини Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти этиб белгилаш таклифи берилди'ning rasmi

Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган бугунги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатларининг Туризм масалалари бўйича вазирларининг 6-чи йиғилиши Қўқон шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда.

Нима учун айнан Қўқон шаҳри танланди?

Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида мазкур кенгашнинг нега айнан Қўқон шаҳрида ўтказилаётганига қуйидагича изоҳ берди:

Биринчидан, икки минг йиллик шонли тарихга эга бу шаҳар Туркий дунёнинг маданият, санъат, илм-фан, адабиёт, дин, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик марказларидан бири саналади.

Иккинчидан, Қўқон ҳудудида туркий ҳалқларнинг уруғ ва қабилалари, жумладан, манғит, қалмоқ, уйғур, қорақалпоқ, қипчоқлар ва бошқалар бирга ва ҳамжихатликда ҳаёт кечиришган.

Учинчидан, Қўқон шаҳри илм-маърифатнинг ўчоғи, 20 аср бошларида туркий тилда сўзлашувчи миллатларни бирлаштириш йўлида тузилган “Туркистон мухторияти”нинг сиёсий маркази ҳамда жадидлар ҳаракати етакчилари фаолият олиб борган маскан ҳисобланади. 

Тўртинчидан, шаҳар ўз даврида (18-19 асрларда) адабий марказ бўлиб, бу ерда 200 нафардан ортиқ шоир ва шоиралар, жумладан, Гулханий, Махмур, Ғозий, Муқимий, Фурқат ҳамда Анбар Отин, Зийнат, Нодира, Увайсий каби улуғ ижодкорлар фаолият олиб борган. Уларнинг асарлари асосан туркий тилда яратилиб, ўз замонида туркий халқлар улардан баҳраманд бўлган.

Берилган таклифлар

Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов Кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар вакилларига қуйидаги таклифлар билан юзланди:

  • Кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида транспорт логистика тизимини ривожлантириш учун шаҳарлар ўртасида мунтазам ва чартер парвозлар ташкил қилиш, туристик поезд, автобуслар қатновини йўлга қўйиш ва сайёҳларнинг ўз автомобилида ҳаракатланишига имконият яратиш;
  • Давлатларимиз туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида пойтахт ва туризм шаҳарлардаги аэропорт ва вокзалларда туризм маълумот марказларини ташкил қилган ҳолда тарғибот материалларини 24/7 режимида жойлаштириш;
  • Маҳаллий телеканалларда туркий халқлар ва меҳмондўстик тўғрисидаги кўрсатувларни доимий равишда эфирга бериб бориш;
  • Ҳозирги кунда долзарб бўлган масала - маданий мерос объектларимизни тиклаш, реставрация қилиш, қадимий ахритектурасини йўқотмаган ҳолда сақлаб қолиш, рақамлаштириш, самарали менежментни жорий қилиш ва келажак авлодга етказиш мақсадида, Туркий Кенгаш ҳузурида аъзо давлатларнинг маблағи асосида Маданий мерос объектларини асраш жамғармасини ташкил қилиш;
  • Туркий давлатларнинг ягона маданий ва туризм тадбирлари тақвимини яратиш ва бу билан халқ ўйинлари – этно спорт (улоқ-кўпкари, дорбозлик, кураш, камондан ўқ узиш, тош кўтариш каби) ва бахшилар мусобақасини ўтказиб, тарихий анъаналаримизнинг йўқолиб кетишини олдини олиш;
  • Бобурийлар сулоласи бошлаган қадимги Ахсикент қалъаси ҳудудида “Туркий овоз” қўшиқ ва куй фестивалини ташкил этиш;
  • Туроператорларни туризм бозорларига кириб боришини қўллаб-қувватлаш ва улар ёрдамида қўшма турлар ташкил қилиш;
  • Туризм таълими соҳасида тажриба алмашиш ва соҳадаги мутахассисларнинг доимий малакасини ошириш, академик туризмни йўлга қўйиш ва мамлакатларимиз олий ўқув юртлари ўртасида грант квоталарини жорий қилиш ва кўпайтириш.

“Туризм пойтахти” - Қўқон

Тадбир давомида Азиз Абдуҳакимов Туркий Кенгаш томонидан таклиф қилинган “Туризм пойтахти” ташаббусини қўллаб қувватлашини маъқуллаб, унинг воситасида ҳозирда машҳур туризм масканларни эмас, балки сайёҳлик потенциали юқори бўлган шаҳарларни ривожлантириш лозимлигини таъкидлади. 

Ўзбекистон томони Туркий дунё ва халқларининг ривожланишида ўзининг алоҳида ўрнига эга, Ипак йўли равнақига муҳим ҳисса қўшган Қўқон шаҳри номзодини илгари суради ва сиздан мазкур шаҳарни Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти сифатида қўллаб қувватлашингизни сўраб қоламиз”, - деди вазир.

 

    Бошқа янгиликлар