Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокими Ғ. Эшпўлатов бошқарувидаги хизмат автомобили юк машинаси билан тўқнашди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳоким ва унинг вояга етмаган ўғли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ҳодиса 30 август куни соат 07:45 атрофида Зафаробод туманидаги Нурафшон МФЙ ҳудудидан ўтувчи 25В-037 автомобиль йўлининг 7-километрида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Б. Мўминов бошқарувидаги “MAZ” русумли юк автомобили чапга бурилаётганда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган Зафаробод тумани ҳокими Ғ. Эшпўлатов бошқарувидаги “KIA Seltos” русумли хизмат автомобилининг ҳаракат йўлига чиқиб кетган.
Тўқнашув натижасида ҳоким Ғ. Эшпўлатов ва унинг автомобиль салонида бўлган вояга етмаган ўғли Ш. Эшпўлатов турли даражадаги тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Юк автомобили ҳайдовчиси тан жароҳати олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан 30 август куни Зафаробод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






