“Ҳеч шубҳасиз, юқоридаги барча ўзгаришлар кўп миллатли халқимиз, сиз каби жонкуяр юртдошларимиз меҳнати билан амалга ошмоқда”, — деди давлат раҳбари.
Президент қайси соҳа ёки вазифада ишламасин, ўз меҳнатининг муносиб эътирофини кўриш ҳар бир инсон учун катта бахт эканини қайд этди.
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан яшаб, сидқидилдан меҳнат қилаётган 558 нафар фидойи инсон юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Шавкат Мирзиёев ҳар бир мукофотланган инсоннинг машаққатли меҳнат йўли, эришган ютуқлари ва юрт тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссасини яхши билишини таъкидлади.
Мукофотланганлар орасида бутун умрини бунёдкорликка бағишлаган хоразмлик отахон Рустам Султонов ҳам бор.
У киши табаррук ёшда бўлишларига қарамай, вилоят нуронийларига бошчилик қилиб, маҳалла ва қишлоқларни обод қилишда ёшларга чинакам ибрат бўлиб келмоқда.






