Россия қўшинлари бугун, 2 сентябрга ўтар кечаси Украинадаги Одесса шаҳри ва вилоятига ракета ҳамда дронлар орқали зарбалар берди. Ҳужум оқибатида 8 киши, жумладан, бир нафар бола жароҳатланган. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Одесса шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг маълум қилишича, жабрланганлардан икки нафари шифохонага ётқизилган.
Ҳужум оқибатида автомобиллар, офис бинолари ва иккита таълим муассасасига зарар етган. Шунингдек, 24 қаватли турар жой биноси ҳам шикастланган. Айрим қаватлардаги хонадонлар вайрон бўлган, қўшни биноларнинг деразалари синган.
“Суспилне” хабарига кўра, Одессанинг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилган. Шаҳар электр транспорти ҳаракати тўхтатилган. Пересип туманида эса сув таъминотида узилишлар кузатилган.
Россия Мудофаа вазирлиги зарбалар Одесса портида учувчисиз катерлар ишлаб чиқарадиган корхона ва ёнилғи сақланадиган резервуарларга берилганини маълум қилди.
Шунингдек, Россия қўшинлари кечаси Полтава вилоятидаги саноат объектига ҳам ҳужум қилган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Дякивничнинг билдиришича, Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати бўлинмалари ҳодиса жойида иш олиб бормоқда.
Лубний туманида эса Россия дрони очиқ майдонга қулаган. Ҳар икки ҳодиса оқибатида ҳам қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни Россия қўшинлари Украина пойтахти Киев ва унинг атрофига ҳам зарбалар берган. Ҳужумлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.






