Қўқон шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий тилли давлатлар туризм вазирларининг олтинчи йиғилиши доирасида делегация аъзолари билан биз ҳам Риштон туманидаги Халқаро кулолчилик марказида бўлдик. Кулолллар ишлари билан танишиш баробарида Ўзбекистондаги энг кекса ҳунарманд Шарофиддин Юсупов билан суҳбатлашдик.
“Кулолнинг меҳнати оғир. Бориб даштларда гиёҳларни тўплаб, уни куйдириб, кул қилиб, хумдонга ташлаб, уни туйиб, упага айлантириб, сувга қўшиш учун матонат керак бўлади”, дейди кулол, - “Ўтган асрнинг 30-йилларида кулолчиликни оғир меҳнат деб, унинг баҳридан кечишган. Россиядан глазур компаниялари келгандан кейин осон нарса деб, кулолчиликка эҳтиёж қолмаган. Менинг эса бу қонимда бор. Устазодаман. Ота-бобларим шу ишни қилишган. Юқоридан илоҳий “сигнал” бўлиб, тагимдаги машинамни сотиб, Наманганнинг Ғурумсарой қишлоғида шогирд тушиб, уйланган, 35 ёшар атрофидаги одам бўлиб туриб ҳам лой қориб, шу меҳнатни ўрганганман. Нақш солиш бобомдан менга ўтган. У киши нақшчи бўлган. У пайтлар жойнамоз, кашталарга бу турдаги расмларни солишган. Кулоллар кўп, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам наққош эмас-ку? Шунга ўйлаб-ўйлаб топдимки, бу қобилият менга бобомдан ўтган экан. Нақш солишга қобилиятим яхши. Лекин ишимизнинг технологик жараёнлари жуда қийин. Ҳамма ҳам қилгиси келган билан қилолмайди”.

Маълумот учун, кулол Шарофиддин Юсупов Исомиддинович 1945 йилда Риштон шаҳрида туғилган. Кулоллар сулоласи давомчиси, замонавий риштон кулоллик мактабининг йирик вакили. Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Риштон кулоллик мактабига хос бўлган табиий хом ашёдан ишқорли сир тайёрлашни пухта эгаллаган.
— Кулолчиликни қачондан бошлагансиз?
— Она қорнидан. (кулади) Дадам шу ишни қилиб, нон олиб келган – еганмиз, гўшт олиб келган – еганмиз. Шунинг учун мен шунинг нонини еб, туғилиб, униб-ўсганман.
— Мижозларингиз асосан кимлар?
— Мен мижозлар ўзимизникилар бўлишини ҳоҳлайман. Лекин бизнинг интелегенция, бизнинг пулдорларимиз ҳали ҳаридга унчалик тайёр эмас. Мисол учун яқинда бир суҳбатда ҳам айтдимки, мен Достоевскийни ўқий олмаганман. Лев Толстойни, Жек Лондонни, Дюмани ўқий оламан. Достоевскийга ҳеч фаросатим ета олмаган. Ўша учун бу нарсаларни ҳарид қилиш учун ҳам гўзалликни яхши тушуна олиши керак. Ўшандагина менинг ҳаридорим бўла олади.
— Маҳсулотларингиз нархлари қандай?
— Ҳар хил – улчамига қараб. Катта сопол лаганлар 250 АҚШ доллари. Ўртачалари 120-150 доллар. Кичиклари эса 70 доллардан.

—Битта маҳсулот тайёр бўлишига қанча вақт кетади?
— Бунинг ўлчами йўқ. Мен олти ойлаб ҳам ишламайман. Қачонки, “илҳомим келса” кучим етганча, 3-4 кун ишлайман. Бошқа пайт хафсалам бўлмайди. Ишласам, қаттиқ ишлайман. Шунда бир кунда 10 тагача маҳсулот яратишим мумкин.

— Шогирдларингиз сони қанча?
— Айтганимдек, мен олти ойлаб ҳам ишламайман. Юқоридан “Бўлди-да, уста, ётаверасизми” деган “илҳом” келгандагина ишлайман. Шогирд олсам, улар ҳам “қачон устага “илҳом” келар экан” деб кутиб юришадими? (кулади) Шогирдларим – бу набираларим. Қачонки ишга кирсам, ёнимда бўлишади.
— Риштондаги энг кекса ҳунарманд-кулолмисиз?
— Республикада деса ҳам бўлади. Ёшим 76 да. Кучим-қувватим етгунча кулолчиликни давом эттираман.
Шарофиддин Юсупов риштон кулоллик мактаби анъаналарини ижодий ўзлаштириб, уни янги мужассамотлар, ранглар уйғунлиги, рамзий белгилар ва бошқалар хусусиятлар билан бойитган. У яратган лаган, кўза, коса, шокоса ва бошқалар сопол буюмларида “чорбарг”, “бодомгул”, “аноргул” ва бошқа тасвирларни, оқ (сутранг) заминда яшилмовий, жигарранг, бинафша ранг, яшил-кўк уйғунлигидаги ранг колоридини қўллайди. У яратган сиркори безаклар замонавий меъморликда кенг қўлланади. Унинг асарлари билан республика ва хорижий кўргазмаларда қатнашади. Асарларидан намуналар республика ва хорижий давлатлар музейлари ва шахсий тўпламларда сақланади.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ






