Жорий йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилди.
Ушбу йиғилишга Туркия Республикаси Президенти Администрацияси Инсон ресурсларини бошқариш идораси Президенти Салим Атай бошчилигидаги Туркия ҳукумати делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Аввалроқ, 2020 йилнинг 4 ноябрь куни «Innoweek.uz-2020» инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси Президенти Администрацияси Инсон ресурсларини бошқариш идораси ўртасида Тошкент шаҳрида Инкубация марказни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома имзоланган эди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Туркия Республикаси Президенти Администрацияси Инсон ресурсларини бошқариш идораси ўртасида эришилган келишувларга кўра, жорий йилнинг 28 июнь куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Туркия Республикаси Президенти Администрацияси Инсон ресурсларини бошқариш идораси Президенти Салим Атай ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида, томонлар инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди ва Тошкент шаҳридаги Ўзбек-Турк Инкубация марказининг Низоми имзоланди.
Ҳужжатлар имзолангандан сўнг, Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Ўзбекистон-Туркия Инкубация марказининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Туркия Республикаси Президенти Администрацияси Инсон ресурсларини бошқариш идораси Президенти Салим Атай Ўзбекистон-Туркия Инкубация марказининг очилиши шарафига қизил тасмаларни кесдилар. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон-Туркия Инкубация маркази негизида Технопарк ташкил этишни назарда тутади.
Лойиҳани ишга туширилиши тадбиркорлар ва иқтидорли ёшларни бирлаштирувчи платформани яратиш, Туркия Республикасида қисқа муддатли амалиёт ўташ орқали инкубация ва таълим дастурларини амалга ошириш имконини беради, шунингдек икки мамлакатнинг истиқболли инноваторлари ўртасида қўшма инновация ва стартап лойиҳаларни амалга оширилишини таъминлайди.
Ўзбекистон-Туркия Инкубация марказининг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилар:
- ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош товар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича қулай шарт-шароитларни яратириш;
- зарур инфратузилма билан таъминлаш (коворкинг майдони, офис биноси ва илмий-тадқиқотлар учун замонавий лабораториялар);
- маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатиш, шунингдек инкубация ва акцелерация дастурларини ўтказиш, стартап лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш;
- илмий, тадқиқот, ўқув ва ишлаб-чиқариш ташкилотлари фаолиятининг ўзаро интеграциялашувига ёрдам бериш;
- маҳорат дарслари, трейнинглар ва малака ошириш курсларини, шунингдек илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш;
- турли мавзуларда нов-хау ва тажрибани ўргатиш мақсадида технологик воситалар ва усуллардан фойдаланган ҳолда ўқув машғулотлари ва курсларни ўтказиш;
- маҳаллий ва хорижйи инвесторларни жалб қилишда резидентларга ёрдам бериш, шу жумладан кенчур молиялаштириш ва бошқа соҳаларда.
Ушбу ҳамкорлик инновацион ривожланишнинг асосий мезонларидан бири сифатида Туркия Республикаси билан инновацион ривожланиш вазирлигининг қўшма лойиҳалар, инновацион технологияларни жорий етиш ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасидаги алоқаларини мустаҳкамлайди ва кенгайтиради.




