Кунлар тобора исиб бормоқда. Жазирамада инсоннинг иштаҳаси пасайиб, лоҳас бўлиб бориши табиий ҳол. Аммо куни билан сарф қилинган энергиянинг ўрнини озиқ-овқат билан тўлдириб турилмаса, меҳнат фаолияти сустлашиб бориши мумкин. Ўз ўрнида саломатликни асраш учун тўғри овқатланиш тартиби ҳақида ҳам унутмаслик керак. Хўш, бугунги иссиқ кунларда қандай таомланган маъқул?
Бу мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида ССВ Матбуот хизмати Тошкент тиббиёт академияси Овқатланиш гигиенаси ва болалар, ўсмирлар гигиенаси кафедра профессори Гули Шайховага мурожаат қилди.
— Албатта ёз кунлари иштаҳа пасайиши сабабли кўпроқ ҳўл мевалар ва хом ҳолатдаги сабзавот ҳамда улардан тайёрланган салатларни хуш кўриб истеъмол қиламиз, — дейди Г.Шайхова. — Чунки бу маҳсулотларнинг кўпчилиги чанқоқни қондиради ҳамда организмни керакли минерал моддалар ва витаминлар билан тўйинтириб боради. Лекин уларнинг калорияси кам ва куни билан сарф қилинган қувватнинг ўрнини боса олмайди. Организмга эса доим оқсил моддалари зарур.
Бунинг учун гўшт ва унинг ўрнини босувчи баъзи (дуккакли) маҳсулотлар кунлик таомномага киритилиши керак. Аммо, унутмаслик керакки, қовурилган, ёғли маҳсулотларнинг ҳазм бўлиши анча қийин. Шунинг учун гўшт маҳсулотлари қайнатилган ҳолатда бўлиши ва умуман енгил ҳазм бўладиган гўштли овқатларни истеъмол қилишни тавсия қиламиз. Мошхўрда, мастава, қайнатма шўрва (ёғсиз), манпар ва шунга ўхшаш енгил ҳазм бўладиган таомларни ейиш керак.