Бухоро вилояти ИИБнинг хабар беришича, “Асакабанк” АЖ Бухоро вилояти филиали мансабдори “Осиё тараққиёт банки” маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган 2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини сохта ҳужжатлар асосида фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсад қилган.
Бир гуруҳ шахслар яъни,“G.B.A.” МЧЖ раҳбари, “Асакабанк” АЖ Бухоро вилояти филиали бошқа мансабдорлари, “Асакабанк” АЖ бош офиси мансабдор шахслари ҳамда “K.s” МЧЖнинг мансабдорлари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, “Асакабанк” АЖнинг 2017 йилга мўлжалланган Кредит сиёсатида белгиланган кредит ажратишнинг умумий мезони талабларига зид равишда, кредит суммасининг гаров таъминоти билан етарли миқдорда таъминланмаганлигини била туриб, кредит йиғма жилдидаги айрим ҳужжатларни қалбакилаштирган.
2 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган ва унинг қайтарилишини таъминотсиз қолдириб, давлат ва банк манфаатларига кредитнинг асосий қисми тўланмаганлиги натижасида 1 млн. 282 минг 630 АҚШ доллари (эквивалентда 13 млрд. 579 млн. 014 минг 062 сўм) ва фоиз ва пеня қарздорлиги ҳисобидан 358 минг 084 АҚШ доллари (эквивалентда 3 млрд. 790 млн. 986 минг 253 сўм) миқдорида зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.