Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри ва Самарқанд шаҳрида фуқароларни "Умра" зиёратига ноқонуний юборишга уринган сайёҳлик фирмалари раҳбарлари ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бекободда фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари "Умра" сафарига юбориш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда, уч нафар фуқарони Саудия Арабистонига жўнатиш эвазига 3 450 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолатда Самарқанд шаҳридаги тегишли лицензияга эга бўлмаган сайёҳлик фирмаси раҳбари тўрт нафар фуқарони "Умра" зиёратига юбориш эвазига 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Қонунчиликка кўра, "Умра" зиёратини ташкил этиш белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ, тегишли рухсатга эга ташкилотлар томонидан амалга оширилиши лозим.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни шундай қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланиши айтилган.






