Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 7 килограмм 685 грамм соф кумушни ноқонуний сотишга уриниш ҳолати аниқланди. Қимматбаҳо металлни 156 миллион сўмга сотмоқчи бўлган шахс ашёвий далиллар билан ушланди.
Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир юзасидан маълум қилинди.
Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида Тошкент вилоятининг Бўка туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган шахс 7 килограмм 685 грамм соф кумушни 156 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган.
Текширувлар давомида ушбу фуқарода қимматбаҳо металлар муомаласи билан шуғулланиш учун тегишли лицензия мавжуд эмаслиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни кумуш ва бошқа қимматбаҳо металларни сотиб олишда уларнинг келиб чиқиши ҳамда софлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишга чақирди. Қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкин. Маълумот берган шахснинг сир сақланиши кафолатланади.






