АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилдора Ҳошимова соҳадаги янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, жорий йил июль ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низоми» тасдиқланди. Унга кўра:
-ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши сўралаётган ҳисобот ойида ёш ходим 25 ёшдан ошмаган;
-узлуксиз 6 ой давомида меҳнат фаолиятини амалга оширган ҳамда иш берувчи томонидан ижтимоий солиқ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (электрон қайд) мавжуд бўлган ёш ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси иш берувчига қоплаб берилади:
Низомда белгиланган чоралар 2021 йил 1 майдан 2023 йил 15 январгача тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб беришга нисбатан татбиқ этилади.
2022 йил декабрь ойи учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш учун иш берувчи томонидан ариза беришнинг охирги муддати 2023 йил 1 апрель куни ҳисобланади.
Мазкур низомда белгиланган чоралар татбиқ этилиши учун иш берувчи солиқ тўловчи сифатида рўйхатда турган солиқ органига ижтимоий солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмасдан солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали ариза тақдим этиши лозим.
Мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.