6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувда Давлатимиз раҳбари долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди ва қатор таклифларни илгари сурди.
- Мамлакатларимиз тараққиётида минтақа аҳолисининг аксариятини ташкил этаётган ёшлар нақадар муҳим ўрин тутишини барчамиз англаб турибмиз. Бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш давом этаётган бугунги кунда Марказий Осиё келажагининг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари келгуси йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказишни таклиф этди. Бу мамлакатларимиз ҳукуматлари ва ёшлари ўртасида ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш, улар ўртасида интерфаол мулоқотни йўлга қўйиш учун платформа шакллантиришга муҳим қадам бўлади.
Умумий маданий-тамаддуний маконимизни янада ривожлантириш халқларимиз ўртасидаги қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёнинг маданий меросига бағишланган фестиваллар, маданият ва кино кунларини ўтказиш, биргаликда китоблар нашр қилиш муҳим эканини таъкидлади.
Халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қиладиган яна бир омил бу – туризм соҳаси. Минтақа ичида сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш учун қўшимча рағбатлардан фаол фойдаланиш муҳимдир.
Давлатимиз раҳбари туризм маҳсулотларининг бутун доирасини қамраб оладиган “Бир саёҳат – бутун минтақа” қўшма дастурини амалий рўёбга чиқаришга киришиш таклифини илгари сурди.
- Бугунги саммит муҳим воқеа– давлатларимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида ўтаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Бу йиллар барчамиз учун мушкул давр бўлди. Асосий хулоса – биргаликда, жипс бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, олдимизда турган муаммоларнинг ечимига эришамиз, минтақанинг барқарор тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини оширамиз. Бошқа муқобил йўл йўқ! – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Минтақавий ҳамкорлик жараёнларига барқарор ва ортга қайтмас тус бериш, шу мақсадда “халқ дипломатияси”, парламентлар, фуқаролик жамияти институтлари ва медиа соҳаси салоҳиятидан яна кенг фойдаланиш муҳим экани қайд этилди.
- Марказий Осиё аёллари мулоқоти янада ривожланаётгани, гендер тенглик соҳасидаги глобал мақсадларга эришишга қаратилган мулоқотлар кенгайиб бораётганини олқишлаймиз, - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Парламентаризмнинг роли ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Президентимиз Тошкент шаҳрида Минтақавий парламент форумини ўтказишни таклиф этди.
Ўз нутқини якунлар экан, давлатимиз раҳбари Маслаҳат учрашувининг натижалари Марказий Осёидаги биродар халқларнинг кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига ишонч билдирди.






