АсосийDunyo

Машҳур бойлар нима учун ғойиб бўлади?

'Машҳур бойлар нима учун ғойиб бўлади?'ning rasmi

 

Йирик компаниялар, корпорациялар асосчилари ва умуман катта миқдордаги пулларга эгалик қиладиган шахслар одамларнинг эътиборида бўлиши табиий ҳол. Шунингдек, дунё миллионер ва миллиардерлари орасида омма эътиборидан четга чиқиш ва бутунлай йўқолиш ҳолатлари ҳам кўп учраб туради. Google, Alibaba, Africrypt ва Quadriga асосчиларининг ғойиб бўлиши ва бунинг тахминий сабаблари ҳақида.

Йирик компаниялар асосчилари ва миллиардлаб долларларга эга тадбиркорлар доимо омманинг диққат марказида бўлишади. Аммо баъзида дунёнинг энг бой одамларининг ҳам диққат марказидан йўқолиб қолиши ҳолатларини кўриш мумкин. Масалан Alibaba асосчиси Жек Ман ёки Google асосчиси Ларри Пейжнинг омма эътиборидан йўқолиши бунга мисол бўла олади. Миллионерларнинг нега ва қаерга йўқолиб қолиши ҳақида Газета.уз нашри Forbes мақоласининг таржимасини тақдим этди.

Africrypt асосчилари Амир ва Раис Кажи

2021 йилнинг апрель ойида Жанубий Африкадаги Africrypt криптоплатформаси асосчилари платформага киберҳужум бўлганлиги ҳақида эълон қилишган, бироқ фойдаланувчилардан ҳуқуқшуносларга мурожаат қилмасликни илтимос қилишган. Инвесторлар 17 ёшли Амир ва 21 ёшли Раиса Кажининг илтимосига шубҳа билан қарашган ва Hanekom Attorneys юридик фирмасини ёллашган.

Платформага киберҳужум ҳақидаги хабардан сўнг, ака-укалар ғойиб бўлишган. Уларнинг ўғирлаб кетилгани ҳақида хабарлар ҳам пайдо бўлган, Hanekom Attorneys юридик фирмаси Africrypt асосчиларини топишга ёрдам бериш учун Жанубий Африка миллий полициясининг элита бўлинмасига мурожаат қилган. Улар билан бирга фойдаланувчиларнинг маблағлари — 3,6 млрд долларлик биткоинлар ҳам йўқолган, деб ёзади Bloomberg.

«Биз полицияга мурожаат қилмаслик илтимосини дарров шубҳали деб билганмиз. Бундан ташқари, Africrypt ходимлари бир ҳафта олдин, яъни платформага киберҳужум бўлиши ҳақидаги эълондан аввал, унга кириш имкониятини йўқотганлар», — дея қайд этган эди Hanekom Attorneys.

Тергов давомида инвесторларнинг маблағлари йўналтирилган хаккерлардан бирининг манзили Africrypt базасида олдин ҳам учраганлиги аниқланган эди. У компаниянинг навбатчи операцияларини амалга ошириш учун фойдаланилган ҳамёнлардан бири бўлган.

Шунингдек, хакерлар томонидан ўғирланган маблағлар дастлаб криптовалюта ҳамёнидан ҳам, Africrypt банк ҳисоб рақамларидан ҳам йиғилгани, сўнг уларни топишни мураккаблаштириш учун «биткоин-миксерлари» (маблағлар майдаланиб, бошқа тармоқ иштирокчилари маблағлари билан аралаштирилади) орқали ўтказилгани аниқланди. Ҳозирда инвесторларнинг маблағлари ва крипто биржа асосчилари қаерда эканлиги номаълум.

Ака-укаларнинг адвокати Жон Остхейзен «Би-би-си» га маълум қилишича, унинг мижозлари «ўғриликка» алоқадорликларини ёки пул билан яширинишганини «қатъий рад этишади». «Айбловларга ҳеч қандай асос йўқ», — деган эди адвокат. «Уларнинг таъкидлашича, бу хакерлик хужуми бўлган ва ушбу активлар улардан ўғирланган», — дея қўшимча қилган у.

Бундан ташқари, Остхейзеннинг сўзларига кўра, ака-укалар таҳдид туфайли яширинишга мажбур бўлишган, аммо улар тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бундан ташқари, уларнинг сўзларига кўра, 5 млрд доллардан кўп бўлмаган маблағ йўқолган.

Google асосчиси Ларри Пейж

Google асосчиларидан бири ва миллиардер Ларри Пейж бир йил олдин Сергей Брин билан Alphabet`ни (Google Inc`га тегишли бўлган лойиҳаларга эга холдинг) тарк этганидан кейин омма олдида чиқмай қўйган. Кейинчалик маълум бўлишича, пандемия пайтида миллиардер бир неча ойни Фижи оролларида ўтказган, у ерда миллиардерни шахсан кўрган ёки ҳатто у билан боғланган манбалар Business Insider нашрига бу ҳақда хабар беришган. Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Пейж Фижининг энг катта ороли Вити-Леву ғарбидаги Таваруа оролида яшаган. Миллиардернинг у ерда нима қилаётгани ва нима учун одамлар эътиборидан четда яшашга қарор қилгани номаълум.

Quadriga аcосчиси Жерри Коттон

Quadriga крипто-биржаси асосчиси Жерри Коттоннинг йўқолиши, эҳтимол, бу рўйхатдаги энг сирли ҳодисалардан биридир. QuadrigaCX — бу Канада криптовалюта биржаси бўлиб, 2013 йилда ташкил этилган. Жерри Коттон компаниянинг барча акцияларига эгалик қилган. 2018 йилда Quadriga`га 300 мингдан ортиқ одам рўйхатдан ўтган.

2018 йил бошида биржада қийинчиликлар бошланган. Шу сабабли Canadian Imperial Bank of Commerce (CIBC) 21,6 млн доллардан ортиқ маблағга эга бўлган юзлаб биржа ҳисобларини музлатишга қарор қилган. Йил охирида эса 30 ёшли Жерри Коттон Ҳиндистонга боргани ва унинг вафот этгани ҳақида эълон қилинади.

Аммо крипто-биржа асосчиси Ҳиндистонда вафот этганидан уч кун ўтибоқ Канадада дафн этилгани ва фойдаланувчиларга воқеа ҳақида фақат бир ой ўтгач хабар берилгани Quadriga сармоядорларига шубҳали туюлган. Маълум бўлишича, Коттон «ўзи билан бирга мижозларнинг жамғармаларини қабрга олиб кетган» — платформанинг барча пароллари ва калитларини фақат у билган. Биржа ёпилганда 137 миллион долларга яқин маблағ борлиги айтилган.

Қурбонлар терговдан Котоннинг жасадини эксгумация қилишни бир неча бор сўрашган. Чунки уларга Quadriga асосчиси тирик ва унинг қабрида бошқа одам бордек туюлган. Бунга эса марҳумнинг рафиқаси фаол қаршилик кўрсатган.

Alibaba асосчиси Жек Ма

2020 йилнинг кузида Ant Group фин-тех компаниясининг акцияларининг оммавий жойлаштирилиши бекор қилинганидан сўнг, тадбиркор Жек Ма кўздан ғойиб бўлган. Унинг омма олдидаги сўнгги нутқи 24 октябрда бўлган эди: ўша куни миллиардер мамлакат расмийларини ва бозорнинг энг йирик иштирокчиларини «ломбард менталитети» ва инновацияларга қарши чиқишлари учун танқид қилганди.

Расмийларни танқид қилиш миллардернинг Ant Group молиявий компанияси ва Alibaba учун ҳам муаммоларни келтириб чиқарган. 24 декабрда Alibaba компанияси бўйича монополияга қарши тергов ўтказилиши маълум бўлган.

Шу воқеадан сўнг Жек Ма бир неча ойдан кейин — 2021 йил 20 январда омма олдида биринчи маротаба пайдо бўлган. Миллиардер интернетда жойлаштирилган видеода хитойлик ўқитувчилар ва таълим тизимини қўллаб-қувватлашга чақирган:

«Мен ва ҳамкасбларим ўқидик, ўйладик ва ўзимизни таълим ҳамда жамоат фаровонлигини ривожлантиришга бағишлашга қарор қилдик», — деган эди у. Ўшандан буён миллиардер омма олдида ҳукуматни танқид қилмаган.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар