Аввал хабар берганимиздек, Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.
Мазкур йиғилишда давлат раҳбари соҳадаги муаммоларни кўрсатиб ўтган.
Бу йўналишга масъул бўлган Экология қўмитаси, бошқа идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббус ва амалий ишлари кўринмаётгани кескин танқид қилинган, дея хабар бермоқда Шерзод Асадов.
Маълум бўлишича, сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.
Шу билан бирга, ҳудудларда “яшил майдон”лар 3-4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетган.
Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан бор-йўғи 15 тасига тадбиркор жалб қилинган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмай қолингани айтилмоқда.