Аввалроқ, Президент раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтаётгани ҳақида маълум қилгандик. Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов йиғилиш якунлангани ва унинг қисқача тафсилотларини маълум қилди.
Йиғилишни якунлар экан, давлатимиз раҳбари ўтган ҳафта ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларнинг ижросига алоҳида тўхталиб ўтди.
Куни кеча 60 га яқин ташаббус ва таклифларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқлангани, ҳар куни камида 2 тадан қарор имзоланаётгани таъкидланди.
"Йирик лойиҳаларни инфратузилмага улаш, туризм, умумий овқатланиш ва экспорт қилувчи корхоналарга имтиёзлар бериш, қўшилган қиймат солиғи тизимини соддалаштириш, индукцион печлар бўйича тақиқларни бекор қилиш каби масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.
Ушбу берилган имтиёз ва енгилликлар ҳозирги мураккаб пандемия даврида ва ундан кейинги оғир шароитда биз учун иқтисодиётнинг драйвери ҳисобланган тадбиркорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқиши зарур.
Айтилган ташаббуслар ҳар бир тадбиркорга етиб бориши, амалда бажарилиши, улар ўз фаолиятида бунинг натижасини албатта ҳис этишлари шарт", - деди Президент.