Янги Ўзбекистон. Бу иборанинг асл маъносини теран тушуниш учун ўтган беш йил сарҳисобига боқишнинг ўзи кифоя қилади. Одамлар турмуш тарзида яхши яшаш, фаровон ҳаёт, бахт ҳақидаги тушунчалар қамрови, мазмун-моҳияти тамоман ўзгариб кетган. Бу жиҳатлар “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” деган эзгу ғоя остида ташкил этилган уч авлод учрашуви доирасидаги ранг-баранг тадбирларда ҳам ўзининг яққол ифодасини топди, дея хабар қилинмоқда" Darakchi.uz" га.
Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ҳаёт йўли, уларнинг бой тажрибаси – ёшларга ўрнак. Шу боис вилоят маркази ва туманлар бўйлаб ўтаётган самимий учрашув ва суҳбатларда мамлакатимиз миқёсида бўлаётган тархий ўзгаришлар асосий мавзу бўлмоқда. Жиззах шаҳридаги сўлим хиёбонда ташкил этилган байрам оқшоми аввалида иштирокчиларга намойиш этилган ҳужжатли фильмда сўнгги беш йилда воҳа ҳаётида рўй берган туб ўзгариш ва ютуқлар, Манас, Гагарин, Қўйтош каби кўпмиллатли қишлоқ ва маҳаллалар, туманлар марказлари қиёфаси янгидан чирой очгани, иқтисодиётнинг барча тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва спорт соҳаларидаги салмоқли ишлар ҳақида сўз борган.
Барча соҳаларга хос ўзгаришлар таълим-тарбия йўналишига ҳам хосдир, дейди умрининг ярим асрини педагогликка бағишлаган Ольга Хван. Бугунги кунда мактабларимизда яратилган шароитларни биз бир умр орзу қилганмиз, дея таъкидлайди.
Маълум бўлишича, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам узоқ йиллардан буён вилоят учун ғоятда долзарб масала бўлиб келган. Нуронийлар ва ёшлар ўртасида кечган жонли мулоқотларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур муаммо ечимига қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилаётганига алоҳида урғу берилган.

Шунингдек, уч авлод учрашуви иштрокчилари велоспортнинг БМХ йўналиши учун барпо этилган замонавий иншоотда ҳам бўлиб, спортсевар ёшлар учун муҳайё этилган янгиликлар билан яқиндан танишишган.






