Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Малайзия пойтахтининг қатор диққатга сазовор иншоатлари Ўзбекистон миллий байроғи рангларига бурканади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасидан маълум қилишларича, юртимиз истиқлолининг 30 йиллиги муносабати билан Куала-Лумпур шаҳрининг машҳур иншоотлари - «Saloma Link» пиёдалар кўприги, шаҳар мэриясининг осмонўпар биноси, шунингдек, машҳур «Petronas Twin Towers» эгизак миноралари жойлашган чорраҳа миллий байроғимиз ранги билан безанади.
2020 йилда пойтахтнинг бизнес туманида очилган «Saloma Link» пиёдалар кўприги қисқа вақт ичида Малайзиянинг рамзи ва Куала -Лумпур аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун севимли масканга айланди. Пальма шохларини эслатувчи ушбу кўприк шакли бетель ёнғоғи япроқларидан ясаладиган анъанавий малай композицияларига монанд тарзда бунёд этилган. Кўприк 4 мингдан ортиқ махсус фасад панеллари ва ультразамонавий светодиод чироқлари ёрдамида ёритилади.
Кўприкнинг узунлиги 69 метр бўлиб, у тезюрар шоссе ва Малакка бўғозига қуйиладиган Кланг дарёси устидан ўтган. Мазкур бўғоз Сувайш ва Панама каналлари қатори дунёдаги энг муҳим денгиз артерияларидан бири ҳисобланади. У Ҳинд ва Тинч океанлари ўртасидаги асосий йўналиш бўлиб, дунёнинг аҳоли зич яшайдиган минтақалари ҳисобланадиган Жанубий, Жануби-Шарқий ва Шимоли-Шарқий Осиёни бир-бирига боғлайди.
Куала-Лумпур шаҳар мэрияси Малайзиянинг «Dataran Merdeka» деб номланган Мустақиллик майдонида жойлашган. Дарвоқе, 1957 йил 31 август куни ушбу майдонда Малайзия мустақиллиги эълон қилинган. Шаҳар мэрияси биносининг фасади Малайзиядаги энг катта LED-экран вазифасини ҳам ўтайди. У 90 метрга 30 метрлик ўлчовга эга.
Куала-Лумпурнинг марказий кўчалари кесишган сергавжум чорраҳада жойлашган «Petronas Twin Towers» эгизак бинолари Малайзиядаги энг машҳур ва энг кўп сайёҳларни жалб қиладиган жой ҳисобланади. Айнан ушбу масканда йирик форматли ва юқори сифатли экранда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган видеороликлар ҳар 5 дақиқада намойиш этиб турилади.
Ўзбекистонга бағишланган видеороликлар, мамлакатимиз давлат байроғи ва давлат гербининг электрон шакллари «Дунё» АА томонидан тайёрланган ва тақдим этилган.