Маълумки мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан 1-5 сентябрь кунлари дам олиш кунлари деб эълон қилинди.
Мазкур жараёнда аҳоли саломатлигини таъминлаш борасидаги ҳукумат топшириқлари ижроси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди:
"Халқимиз байрамни хотиржам, осойишта, тинчлик-тотувликда ўтказишини таъминлаш мақсадида байрам ўтказиладиган жойларда малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича туну кун навбатчилик ташкил этилади",—дейилади хабарда.
Унга кўра, халқ сайиллари, болалар иштирокидаги байрам тадбирлари ўтказиладиган ва аҳоли гавжум жойларда тиббий ёрдам хизмати ташкиллаштирилади.
Шунингдек, байрам кунлари барча даволаш муассасаларида, ҳудудий оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда белгиланган тартибда байрам кунлари 08:00 дан 20:00 гача фаолият кўрсатадиган шифокор ва ҳамширалардан иборат навбатчи бригадалар тузилиши белгиланган.
Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасалари ва “тез ёрдам” хизмати одатдаги тартибда бир маромда узлуксиз ишлайди.
Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудларда 13 та филиали, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тизимидаги барча бўлимлари фаолият кўрсатади. Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда эмлаш пунктлари фаолияти байрам кунлари ҳам давом эттирилади, дея таъкидланмоқда.