Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Марказий Осиё футбол конфедерациясининг (CAFA) ҳакамлар қўмитаси раиси этиб сайланди, деб ёзади ЎФА матбуот хизмати.
Манбага кўра, 2 сентябрь куни бўлиб ўтган қўмитанинг онлайн йиғилишида минтақага аъзо мамлакатлар Эрон, Қирғизистон, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон мутахассислари иштирок этишди. Конференцияни Равшан Эрматов ва ташкилот бош котиби тожикистонлик Улуғбек Каримов олиб борди ҳамда CАFA томонидан минтақада ҳакамликни ривожлантириш, янги босқичга олиб чиқиш ва мусобақаларда замонавий технологияларни жорий этиш борасида фикрлари билан ўртоқлашди.
Йиғилишда яқин келажакдаги йирик турнирлар — октябрь ойидаги U18, ноябрь ойидаги U15 чемпионатлари, Марказий Осиё футбол конфедерацияси томонидан ҳакамларга доимий равишда амалий ва назарий курслар ташкил этилиши, VAR тизими кўникмаларини эгаллаш бўйича машғулотлар, ФИФА ва ОФК дастурлари асосида ўқув-йиғинларида иштирок этиши, мунтазам онлайн семинарлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.