Ўзбекистоннинг Грузиядаги элчиси (қароргоҳи - Боку шаҳрида) Баҳром Ашрафхонов Грузия Президенти Саломе Зурабишвилига ишонч ёрлиқларини топширди, дея хабар қилмоқда Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати.
ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида Грузия Президенти Саломе Зурабишвили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга энг яхши тилаклари ва ниятларини етказишни сўради.
Ўзбекистоннинг янги элчиси 52 ёшда. Тошкент политехника институти (1990), Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1993) ва Кентукки университети (АҚШ, 1994) битирувчиси. 2016-2018 йилларда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Баҳром Ашрафхонов 2020 йил апрель ойида Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси сифатида ҳам аккредитациядан ўтган.