Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида IT соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш, шунингдек, Президент, ихтисослашган ва санъат мактабларида таълим сифатини ошириш масалаларига қаратилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик. Йиғилишнинг якуний тавсилотлари ҳақида Президент Матбуот хизмати маълумот берди.
Унга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 151 та рақамли технологиялар ўқув маркази фаолият юритиб, уларда жорий йилда 27 мингдан ортиқ тингловчилар ўқитилди. Ушбу марказлар фаолиятини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик асосида яна шундай ўқув масканлари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда Президент ва ижод мактаблари ҳамда ихтисослашган мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бугунги кунда 4 та Президент мактабида 576 нафар, 3 та ихтисослашган ва 9 та ижод мактабида 1 минг 500 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Давлатимиз раҳбари тарбия жараёнида миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳи асосий аҳамият касб этиши зарурлигини таъкидлади.

Ўқувчиларни мамлакатимиз тарихи, маданияти ва санъати билан кенгроқ таништириш, ҳарбий хизматчилар иштирокида ватанпарварлик дарслари ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Ихтисослашган мактаб ўқувчиларини ахборот технологиялари мутахассисликларига йўналтириш, ижод мактабларида веб-дизайн, компьютер графикаси, тасвирий ва рақамли санъат, аудиовизуал асарларни яратиш, таржимонлик, журналистика ва актёрлик маҳорати каби тўгараклар ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Илғор халқаро тажриба ва стандартлар асосида ушбу мактаблар муаллимларининг малакасини ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.
Шу мақсадда Тошкент шаҳрида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ҳамда Андижонда унинг ҳудудий филиали ташкил этилиши белгиланди. Бу марказга хориждан малакали мутахассислар жалб қилиниб, фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларнинг малакаси оширилади, халқаро сертификатлар берилади.
Умуман, Президент мактабларига инвестицион ва инновацион йўналишларни жорий қилиш бўйича янги тизим ташкил этилади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги хориждан ўқув дастурлари, адабиётлар ва жиҳозлар, малакали педагоглар ва молиявий грантлар жалб қилишга кўмаклашади. Шунингдек, хорижий мактаблар билан ўқитувчи ва ўқувчиларни алмашиш дастурлари амалга оширлади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.






