АсосийСИЁСАТ

22 ёшли режиссёр Муниса Магаметибрагимова Президентдан медаль олади

Ёш режиссёр ўз нутқида кино соҳасида аёлларга нисбатан мавжуд стереотиплар ҳақида ҳам гапирди.

'22 ёшли режиссёр Муниса Магаметибрагимова Президентдан медаль олади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев ёш режиссёр Муниса Магаметибрагимовани “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлашини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари кино соҳаси вакиллари билан учрашувда айтди.

Учрашувда сўзга чиққан Муниса Магаметибрагимова Россия давлат кинематография институти ВГИКга 300 баллдан 300 балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга кирган. Унинг қисқа метражли фильмлари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. Ҳозирда у таҳсил олиш билан бирга Болалар контентини ривожлантириш марказида фаолият юритмоқда.

Ёш режиссёр ўз нутқида кино соҳасида аёлларга нисбатан мавжуд стереотиплар ҳақида ҳам гапирди.

“Ўқишга ҳужжат топширганимда энг кўп эшитган гапим: “Режиссёрлик эркаклар касби, аёллар учун эмас”, деган сўзлар бўлган. Сиз бу стереотипларни синдирдингиз, ҳурматли Президент. Бугун биз, ёшлар, жумладан, қизлар ҳам ўз юртимизда таълим олиб, муносиб ҳаёт қуришимиз мумкин”, — деди Муниса Магаметибрагимова.

Шунингдек, у аёл режиссёрлар томонидан ишлаб чиқариладиган кино лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидиялар доирасида улар учун махсус квота ажратишни таклиф қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат тараққиётида таълим ва илм-фаннинг ўрнига алоҳида тўхталди.

“Агар иқтисодиёт билан бирга илмимизни, билимимизни ривожлантирмасак, орқада қоламиз. Бугун олий таълимда ўқиётганларнинг 60 фоизга яқини — қизлар. Диссертация ҳимоя қилганларнинг 75 фоизи — аёллар ва қизлар. Биринчи кундан айтиб келаман: битта оилада ўқимишли қиз бўлса, оиладаги вазият ўзгаради. У тарбиялаган фарзандлар эса миллатни ўзгартиради”, — деди давлат раҳбари.

Шундан сўнг Президент Муниса Магаметибрагимовани давлат мукофоти билан тақдирлаш ниятини билдирди.

“Агар рози бўлсангиз, бугун ишхонага бориб, Муниса қизимни “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлаш тўғрисидаги ҳужжатга қўл қўяман”, — деди Шавкат Мирзиёев.

    Бошқа янгиликлар