Президент Шавкат Мирзиёев 2026–2036 йилларга мўлжалланган тиббий инфратузилмани ривожлантириш мастер-режалари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган таклифлар билан танишди.
Тақдимотда тиббиёт муассасаларини аҳоли эҳтиёжига мувофиқ жойлаштириш, мавжуд шифохоналарни реконструкция қилиш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, айрим ҳудудларда тиббий хизматлар тарқоқ ташкил этилган, шифо ўринлари эса аҳоли эҳтиёжига мос тақсимланмаган. Эски бинолар ва тиббий ускуналардан фойдаланиш ҳам кўрсатилаётган ёрдам сифатига таъсир қилмоқда.
Шу боис, дастлаб тиббиёт муассасаларига тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ва уларнинг ягона рақамли реестрини шакллантириш таклиф этилди. Ўнта вилоятда ўтказилган хатловда соҳага тегишли 3 минг 499 та объект аниқланган. Бу Кадастр агентлиги маълумотларидагидан 494 тага кўп.
Янги мастер-режаларни ишлаб чиқишда аҳоли сони ва унинг ўсиши, тиббий хизматларга бўлган эҳтиёж, муассасалар қуввати ҳамда беморларнинг шифохоналарга етиб бориш вақти ҳисобга олинади. Шу асосда қайси муассасани сақлаб қолиш, бирлаштириш ёки реконструкция қилиш, қаерда янги объект қуриш ва қанча тиббиёт ходими зарурлигини белгилаш режалаштирилган.
Тақдимотда Самарқанд вилоятидаги вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят аҳолисининг 80 фоизи туманларда яшаса-да, шифо ўринларининг атиги 41,7 фоизи туманлар ҳиссасига тўғри келади. Мастер-режа орқали бу кўрсаткични 67 фоизга етказиш ва тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш кўзда тутилмоқда.
Самарқанд шаҳри, Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон, Иштихон ва Пайариқда янги шифохоналар қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш режалари тақдим этилди. Шунингдек, Ургут, Каттақўрғон ва Пастдарғомда 2030 йилгача жами 1 минг 500 та янги шифо ўрни яратиш назарда тутилмоқда.
Муассасаларни лойиҳалашда беморлар учун қулай шароит яратиш, инфекцион назорат, инклюзив муҳит ва тиббий хоналарни жиҳозлаш бўйича ягона талабларни жорий этиш таклиф қилинди. Даволаш жараёнларида халқаро тавсияларга асосланган клиник протоколларни татбиқ этиш ва уларнинг натижаларини мунтазам баҳолаш ҳам режалаштирилган.
Тиббиётда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш
Тақдимотда тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий сектор орқали ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, гемодиализ, лаборатория диагностикаси, тиббий ташхислаш ҳамда ускуналарга техник хизмат кўрсатишни аутсорсинг асосида харид қилиш таклиф этилган.
Бунда бир йиллик шартномалар ўрнига беш йилгача бўлган ҳамкорлик механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бу хусусий компанияларга тиббий ускуналар ва хизматларга узоқ муддатли сармоя киритиш имконини бериши кутилмоқда.
Таклифга кўра, давлат тиббиёт муассасалари зарур хизматларни харид қилади, хусусий ташкилотлар эса ускуналарни етказиб бериш, уларнинг ишлашини таъминлаш ва янгилаш билан шуғулланади. Харидлар учун ягона тендер ҳужжатлари ва электрон тизимни жорий этиш, айрим муассасаларни профессионал компаниялар бошқарувига бериш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.






