АсосийDunyo

“Толибон” етакчилари ўртасида келишмовчилик бошланди

'“Толибон” етакчилари ўртасида келишмовчилик бошланди'ning rasmi

Ҳаракатнинг юқори мартабали амалдорларидан бири Мулла Бародар ва Халил Раҳмон Ҳаққоний ўртасида келишмовчилик бошлангани BBC'га маълум қилинган. Бародар бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлса, Ҳаққоний миграция масалалари бўйича вазир ҳисобланади.

Хабарда айтилишича, икки амалдор бир-бирига кескин сўзлар айтган. Тўқнашувда тарафкашлик ҳолати ҳам рўй берган бўлиши мумкин.

Низога Мулла Бародарнинг янги ҳукумат тузилишидан норозилиги сабаб бўлган. Аммо BBC келишмовчиликнинг туб илдизи толиблар ғалабасига ким асосий ҳисса қўшганлиги масаласига бориб тақалишини тахмин қилмоқда. Хусусан, Бародарнинг фикрича, “Толибон”нинг ҳокимиятга келишида сиёсий қанот ва у ўтказган музокаралар катта роль ўйнаган. Халил Ҳаққоний ва унинг ортида турган “Ҳаққоний тизими” гуруҳи эса ғалабага ҳарбий муваффақиятлар сабаб бўлган, деб ҳисобламоқда.

Мулла Бародарнинг толиблар ҳарбий қаноти билан низоси ҳақидаги хабарлар бир неча кундан буён тинмаяпти. Унинг ўзи бир ҳафтадан бери кўриниш бермаган. Баъзи манбалар Бародар Кобулни тарк этиб, Қандаҳорга жўнаб кетганини маълум қилди. Унинг қаерда экани ҳақида “Толибон”нинг ўзи ҳам бир-бирига зид баёнотлар бермоқда. Масалан, дастлаб уни Қандаҳорга кетганлиги айтилган. Аммо кейинчалик “Мулла Бародар чарчаган ва унга дам олиш зарур”лиги хабар қилинди.  Шу билан бирга бош вазир биринчи ўринбосари тез орада Кобулга қайтиши ва расмий баёнот бериши ҳам мумкин.

 

    Бошқа янгиликлар