Ҳис-туйғуларимизни назорат қилишни ўргансак, бу биз учун кони фойда. Баъзан жаҳлимиз чиқишига асосли сабабларимиз бўлса-да, уни жиловламаслик ўзимизга зиён қилади. Замонавий тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, кўпинча инсонлар жаҳли чиқиб турган пайтда айтган гапларидан ёки қилган ишларидан кейинчалик қаттиқ афсусланишар экан. Қуйидаги воқеа қаҳрамонларининг ҳам бир лаҳза жаҳл отига минишлари бир бегуноҳ инсоннинг умрига зомин бўлди.
Қариндошидан жазолашни илтимос қилди
Карима (исмлар ўзгартирилган) ишлаб чиқариш цехида ёлланма тарзда ошпазлик билан шуғулланган. У мазкур цехда ўзи каби ошпаз вазифасида ишлаб келаётган Рустам билан иш юзасидан арзимаган сабабларга кўра, кўп бора ўзаро ҳақоратли сўзлар билан оғзаки жанжаллашиб келган. У навбатдаги даҳанаки жанжал вақтида ошхона пичоғини қўлига олиб, цехда бўлган бошқа ишчилар кўз ўнгида пичоқ билан намойишкорона Рустамга ташланади. Уни ўлдириш билан қўрқитгандан кейин атрофдаги ишчилар уларни ажратиб қўяди. Карима бу билан таскин топмайди. Рустам билан бўлган жанжал ҳақида қариндоши Низомга телефон орқали хабар бериб, “вилоятлик безори”ни жазолаб қўйишни илтимос қилади. Низом ўз навбатида бу ҳақда таниши Шахбозга маълум қилади. Улар биргаликда Низом бошқарувида бўлган автомашинага ўтиришиб, йўл-йўлакай Каримани ёнларига олган ҳолда Рустамнинг олдига йўл олишади.
Бу ерда йигитлар кафенинг орқа ҳовлисида Рустам ва у билан бирга ишловчи Мансур билан учрашиб, улар билан ўзаро жанжал чиқаришга эришишади. Низом жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик ҳаракатларини олдини олиш чорасини кўрган Мансурга қаршилик кўрсатиб, уни юз қисмига қўллари билан уриб-дўппослаб, тан жароҳати етказган.
Бундан ташқари, Шахбоз мазкур жанжал вақтида, Мансурни безорилик оқибатида қасддан ўлдириш мақсадида, уни ҳаётдан маҳрум этиш қасди билан ҳаракат қилиб, қилмишининг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етгани ҳолда, ўлим юз беришини истаб, пайт пойлаб, ўзининг ёнида бўлган “финка” пичоғи билан Мансурнинг ҳаёти учун хавфли бўлган чап кўкрак қафасига бир маротаба уриб, одам ҳаёти учун муҳим аъзони жароҳатлаб, воқеа жойидан яширинган.
Шахбоз томонидан етказилган тан жароҳати оқибатида Мансур вафот этган.
“Тур” дегандек оёғимни туртди...
Судланувчи Карима суд мажлисида, ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, дастлабки тергов жараёнидаги кўрсатмаларини тасдиқлаб, қуйидагиларни маълум қилди:
— Воқеа содир бўлган куни ҳар доимгидек цех ишчиларига нонушта тайёрладим. Улар нонушта қилишаётганда кун совуқ бўлгани учун гўштхонага чиқиб, у ердаги иссиқ печь ёнига бориб ўтирдим. Бироздан сўнг хонага кирган Рустам менга қараб, “Нимага мени иш жойимда ўтирибсан, тур ўрнингдан”, деб қўпол муомала қилди. Унинг бундай муносабатидан, сенсираганидан жаҳлим чиқиб, “Тўғри муомала қил”, дедим. Рустам олдимга келиб, “Тур” дегандек оёғимни туртди. Унинг бу қилиғидан кейин жаҳл қилиб, хонадан чиқиб кетдим. Кайфиятим бўлмай ўтирганимни кўрган бирга ишлайдиган Баҳром исмли йигит олдимга келиб, нима бўлганлигини сўради. Ўпкам тўлиб тургани учун бўлган воқеани унга йиғлаб, айтиб бердим. Гапимни эшитган Баҳром Рустамни чақириб чиқиб, “Нимага аёл кишига қўпол муомала қилдинг?” деб сўради. Рустам унга қараб, “Карима сени киминг бўлади? Нимага унинг тарафини оляпсан?” деб сўради. Улар оғзаки айтишиб кетишди, шунда Рустам мени “фоҳиша”, деган маънода ҳақорат қилди. Бу гапдан сўнг унга “фоҳишалигимни исботлаб бер”, деб бақирдим. Рустамнинг гапи алам қилганидан ошхона пичоғини олиб, унга ташландим. Ҳамкасбларим қўлимдан ушлаб, мени тўхтатиб қолишди, Рустам эса хонадан қочиб кетди. Унинг мени фоҳишаликда айблагани қаттиқ таъсир қилди. Ўзимни боса олмай, амакимнинг ўғли Низомга қўнғироқ қилиб, Рустамнинг танобини тортиб қўйишни илтимос қилдим. У бироздан кейин таниши Шахбоз билан олдимга келди. Биргаликда Рустамнинг олдига бордик. У ерда жанжал кўтарилиб, асосий айбдор Рустам қолиб, Шахбоз мен билан бирга ишловчи Мансурни пичоқлаб қўйди. Ҳозирда қилмишимдан пушаймонман, содир этган ҳаракатларим оқибатини энди англаб етдим, аёллигимни, айбимга иқрорлигимни инобатга олиб, менга енгиллик беришингизни илтимос қиламан...
Ҳукм ўқилди
Шаҳбоз Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Низом ЖКнинг 277-моддаси 3-қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Карима ЖК 112-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Бобомурод КАРИМОВ, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси,
Лола Шоимова, журналист