АсосийЖАМИЯТ

ДТМ айрим абитруентлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат билан чиқди

Маълумки, жорий йилда талабалар ўқишини хорижий давлатлардан Ўзбекистондаги давлат олий та...

'ДТМ айрим абитруентлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат билан чиқди'ning rasmi

Маълумки, жорий йилда талабалар ўқишини хорижий давлатлардан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳонлар эса ОТМлар томонидан) илк бор Давлат тест маркази томонидан ўтказилди.

Унда тест синовларида иштирок этиши белгиланган 87 486 нафар талабгордан 85 261 нафари иштирок этди.

Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўқишни кўчириш учун минимал ўтиш бали анча паст белгиланган бўлсада, талабгорларнинг 72 фоизи мазкур минимал талабни бажара олмади. Бу ҳақда Давлат тест марказининг абитруенлар ва ота-оналарга йўллаган мурожаатида айтилган.

Аслини олганда ёшларимизнинг хориждаги нуфузли ОТМларда таҳсил олиши яхши. Лекин мақсад хорижда таълим олиб, ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиш эмас, балки қандай қилиб бўлса ҳам 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб олиш бўладиган бўлса, бу энди яхши ҳолат эмас, албатта.

Ҳозир кўплаб консалтинг фирмалар томонидан 1 йилдан сўнг Ўзбекистонга кўчириб бериш ваъда қилинган ҳолда қўшни давлатлардаги ОТМларга ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киритиб қўйиш таклиф қилинмоқда.

Ҳурматли абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари!

Ҳеч қайси фирма талабалар ўқишини хорижий давлатлардан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига кўчиришга олдиндан кафолат бера олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 22-июндаги ПҚ-5157-сон qaroriga биноан барча талабалар ўқишни хориждан Ўзбекистонга кўчириш учун имтиҳон топшириши ва тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган ўтиш балини тўплаши лозим.

Шу сабабли, Давлат тест маркази асосий мақсади хорижда ўқиш эмас, балки 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб олиш бўлган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига турли шахслар ва фирмаларнинг 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб бериш тўғрисидаги ваъдаларига ишонмасликни ва ўз билимига ишонган ҳолда тест синовларига пухта тайёргарлик кўришни тавсия қилади.

Маълумот учун: юқорида хориждан ўқишни кўчириш бўйича статистик маълумотлар келтирилган бўлиб, тест синовида иштирок этган талабгорларнинг 50 фоиздан ортиғи 56,7 балл (максимал баллнинг 30 фоизи) ҳам тўплай олмаган.

    Бошқа янгиликлар