Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар яхшиланаётган бир пайтда Ҳимолай тоғларидаги баҳсли чегара ҳудудида ҳарбийлар ўртасида янги қарама-қаршилик юзага келгани хабар қилинди. Ҳиндистон томони Хитой ҳарбийларини патруллик тартибини бузишда айбламоқда. Пекин эса чегарадаги фаолиятини ўз ҳудудий суверенитетини ҳимоя қилиш билан изоҳлаган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, Ҳиндистон–Тибет чегара полицияси раҳбари Шатрухит Сингх Капур Аруначал-Прадеш штатидаги бир нечта ҳудудда Ҳиндистон ва Хитой ҳарбийлари юзма-юз келганини айтган. Дастлабки қарама-қаршиликлар июль ойида кузатилган. Ўшанда икки томон ҳарбийлари ортга чекинган, бироқ бир неча кундан кейин Хитой қўшинлари кўпроқ сон билан ҳудудга қайтгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари ҳукуматдаги манбаларга таяниб, Хитой ҳарбийлари Ҳиндистон ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган чегарадан 6–7 километр ичкарида чодирлар ўрнатганини ёзмоқда. Бироқ ушбу маълумот расман тасдиқланмаган.






